Мустаҳкам таълим пойдеворини яратиш – тараққиётнинг бош мезони

14.10.2020 14:10:35

Ўзбекистон – ҳар жиҳатдан бой мамлакат. Унинг табиий бойликларданда қадрлироқ хазинаси – бой маънавий мероси, зиёли халқи ва интеллектуал салоҳиятли ёшлари бор. Бу бойликни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқларида бошқа кўпгина муҳим масалалар қатори, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилишга оид Ўзбекистон ташаббусига яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратди. Ёшлар ҳуқуқи деганда, биз, биринчи навбатда, уларнинг тинч ва соғлом яшаш ҳамда таълим олишга бўлган тўлақонли ҳуқуқини тушунамиз. Шу боис, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш биз учун ҳамиша устувор вазифа ҳисобланади

Ўзбекистон  “Адолат” СДПнинг сайловолди  дастурида  илгари  сурилган вазифаларни  амалга  ошириш  мақсадида  партиянинг “Таълим сифати - партия нигоҳида” лойихаси доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ва Қарши шаҳар Кенгаши томонидан Қарши шаҳридаги Қарши мухандислик иқтисодиёт институтида “Мустаҳкам  таълим  пойдеворини  яратиш – тараққиётнинг бош мезони”  мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирда педагоглар, партия фаоллари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этишди. Тадбир давомида сўзга чиққанлар бугун юртимизда бир-бири билан чамбарчас боғланган муҳим соҳаларни, яъни мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантириш бўйича беқиёс ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги хусусида фикр-мулоҳаза билдиришди.

Бугунги кунда жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасалари илм-фаннинг йирик ўчоқлари ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Шуни ҳисобга олиб мамлакатимиз  олий таълим тизимида  туб ислоҳотлар  амалга оширилмоқда, дунёдаги етакчи университетларнинг  филиаллари ташкил этилмоқда. Сўнгги 4 йилда мамлакатимизда  47 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари  ташкил этилиб, олий ўқув юртларининг сони 125 тага етди.

Профессор-ўқитувчиларнинг  хориждаги  олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот масканларида малака оширишини таъминлайдиган  механизм яратилди. Олий таълим  тизимининг вазифаси фақат талабаларга дарс беришдан иборат эмас, университет  ва институтларимиз  илм-фан  соҳасида  ҳам фаол ишлаши, ёшларни  илмий ишларга, катта-катта  лойиҳаларга  жалб этиши керак.

Хулоса ўрнида  шуни алоҳида таъкидлаш  жоизки,  тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга  бераётган  тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.

Дарҳақиқат, буюк аждодларимизнинг  бетакрор ва ноёб  илмий-маънавий мероси  биз учун доимий ҳақиқатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак.

 

                                                                                         Хайрулла ДАВЛАНОВ,

                                                                                            Қарши Мухандислик Иқтисодиёт

                                                                                  институти Муқобил энергия

                                                                                    кафедраси мудири, партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+