Мустақиллик - тинчлик, фаровонлик, хотиржамлик, ҳаловат демак

20.08.2021 12:08:30

Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги тобора яқинлашмоқда. Мазкур шонли сана муносабати билан жойларда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган тадбирлар ташкил этилмоқда. Уларда “Адолат” СДП вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Шундай тадбирлардан бири Қибрай туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида  бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент вилояти Кенгаши депутати Гулнора Аҳмедова, шоир Рўзи Очил, ҳарбий қисм раҳбарияти, шахсий таркиб, аскарлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Учрашув давомида ватанимиз мустақиллиги тарихи, бугунги фаровон кунлар мавзусида маърузалар қилинди. Учрашув давомида шоир Рўзи Очилнинг Ватан, она ва меҳр-муҳаббатга бағишланган шеърлари ўқиб эшиттирилди.

Тадбирда, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўтказилаётган барча халқаро маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, илмий конференциялар, аждодларимиз юбилей саналари,  кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Мустақиллик энг улуғ неъмат. Бугун биз эришган ва эришажак юксак марралар, озод ва обод Ватанимиз манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидандир, – дейди депутат Гулнора Аҳмедова. – Шу боисдан, мустақиллик байрами ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида юртимиз бўйлаб кенг нишонланади. Эътиборлиси эса, ҳар йилги байрам тадбирлари ўзгача маъно-мазмун касб этадиган шиор остида нишонланади. Бу йилги байрам Президентимиз қарори билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этгани алоҳида эътибор ва эътирофга лойиқ.

Тадбир давомида иштирокчилар ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.

 

         Фотима САТТОРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши

 матбуот котиби 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+