Мутолаа: Раҳмат сенга, коронавирус!.. (давоми)

22.03.2020 10:03:58

 

– Келма, дейишяпти. Хатто ота-онам ҳам. У ёққа бориб вирус тарқатгандан кўра шу ерда ўлганим яхши эмиш.

– Қўй, ҳафа бўлма, ваҳималар тугасин, борасан, ўшанда уялиб қолишади.

– Йўқ, қадамимни босмайман. Ўқишни битиргандан кейин ҳам Хитойда қоламан. Лекин хозир қаттиқ қўрқяпман, вирус ватанидаман. Бошқа шаҳарга кўчиб турсаммикин?

– Ёмон ҳаёлларга берилмагин, дугонажон! Азиз, менга айтган гапингни Иренига ҳам қайтарвор, зора ақли кирса.

– Балки ота-онанг тўғри маслаҳат бергандир, Ирени – Азиз ўйчан гап бошлади – Хозир бир инсон эмас, бутун мамлакат аҳолиси ҳақида гап боряпти. Ўзим ҳам юртимга бориб, «Ухандан келган» дея қадалаётган қўрқинчли нигоҳларни қабул қилолармикинман, деб эзиляпман.

– Баракалла! – қозоғитонлик курсдошим Байжанбай Азизнинг елкасига қоқиб қўйди – Бундай муносабат бўлиши табиий. Шунинг учун мен юртимга отланмадим. Хитойда бу вирусни аниқлаш технологияси бор, давосини ҳам излашяпти. Юртимга борганидан кейин аломатлари юзага чиқсачи, коронавирус эмас, грипп ташхиси қўйилади ва қўпол қилиб айтганда, одам ўлиб кетаверади. Ундан кўра шу ерда қолган афзал. Хўп, бизга бу вирус юқиб бўлди, дейлик, бориб бошқаларга юқтирамизми? Қолиш – энг яхши қарор.

– Қолиш – ўлимни кутиш – рус миллатига мансуб курсдошимиз Леонид чўрт кесди – Фурсатни бой бермай кетиш керак. Рейслар тўхтатилмасдан ҳаракатимизни қилиб қолайлик.

Хонага ўқитувчи кириб, чуғур-чуғуримиз тинчиди.

– Ҳурматли талабалар! Уйингизга кетишингиз мумкин! Университет маъмурияти бир ҳафталик таътил беряпти.

– Карантинми? – деди орамиздан кимдир.

– Ўйлаб гапиринглар! Карантин эмас, таътил. Шаҳримизда карантин эълон қилинадиган эпидемиологик вазият йўқ, бўлмайдиям. Зарурат юзасидан ташқарига чиқсангиз, ниқобсиз юрманг. Кўча тентираб юришга вақтингиз ҳам бўлмайди. Бир талай уйга вазифалар бераман – деди устоз кулиб, аммо кулгиси асабий туюлди.

Веики икки кун аввал ўзига ўзи таътил эълон қилган эди. «Менга деса ўқишдан ҳайдаворсин, вируси даф бўлмагунча бир қадам босиб ташқарига чиқмайман», деб уйда ўтирганди. Менга ҳам «Бормайсан», деб оёқ тираб туриб олди, бир амаллаб қочиб қолдим. Унга ўхшаб уйга қамалиб ўтиролмайман, юрагим тошиб кетади.

Қўл телефоним жиринглади. Рассом қиз экан.

– Фениксни сиз буюргандингиз-а?

– Ҳа, тайёр бўлдими?

– Узр, ўзи мазам йўқ эди, сиздан буюртма олганимга афсусланиб ўтирибман.

– Вой, тезроқ тузалиб кетинг!

– Раҳмат. Бир ҳафталардан кейин топширсам бўладими?

– Афсуски, иложи йўқ. Эртага севгилимнинг туғилган куни. Совға эса сизнинг қўлингизда.

– Чизишни бошлаб қўйганман, давом эттиришга кучим йўқ, ётгим келяпти.

– Илтимос, бир амалланг. Ахир совғасиз...

– Хўп, эртага пешиндан кейин келинг.

Эртасига айтилган пайтда отланиб, уйдан чиқиб кетаётгандим, эшик тагига Веики туриб олди-да.

– Ҳеч қаёққа кетмайсан! Кеча икки ойга етадиган озиқ-овқат олиб келдим. Энди бу хонадан чиқиш йўқ!

– Тушун, рассом мени деб касал бўлишига қарамай ишни битириб берди.

– Касал? Қанақа касал?

– Йиқилиб тушибди, бели оғриётган экан, қаддини кўтариб ўтиролмаётган эмиш – дедим ёлғон гапириб.

– Ланфен, гапни кўпайтирма, кийимларингни ечгин-да, телевизор кўриб ўтир.

– Ахир бугун Фенгджнинг туғилган куни. Эсингдами, у менга нимлар совға қилгани?

– Унда вазият бошқа эди. Ўшанда Уханда коронавирус деган бало йўқ эди!

– Йўқ, барибир туғилган кунида ёнида бўлишим керак. Қоч, йўлимни тўсма.

– Нима, бугун йигитинг билан кўришмоқчимисан? У учрашувга келяптими? – у ишонқирамай, жавобимни билган алфозда гапирди, энди уни алдолмасдим.

– Йўқ... Ўзим Сианга бормоқчиман...

– Жиннилик қилма, Ланфен! Фенгджнинг сенга кўзи учиб тургани йўқ. Бормасанг, хурсанд бўлади.

– Адашасан, у мени севади.

– Кўзингни оч, аҳмоқ! Сиандан Уханга бўзчининг мокидек қатнаётган йигит нега тўсатдан йўқ бўлиб қолди?

– Йўқ бўлиб қолмади, ҳар куни телефонда гаплашяпмиз. Фақат иши кўпайиб кетгани учун келолмаяпти.

– Баракалла! У сендан кўра ақллироқ экан, Ланфен! Бўлди, сен билан ортиқ пачакилашиб ўтириш ниятим йўқ. Бу эшик энди очилмайди!

– Веики, бир марта. Фақат бугун руҳсат бер. Кейин майли, сенинг айтганингни қилиб икки ой уйга қамаламан.

– Йўқ, дедим. Гап тамом.

– Веики!

– Ланфен, вируснинг инидасан! Яшаётган шаҳрингнинг номи – Ухан! Ухан!

– Яхши, эшикни очмасанг, саккизинчи қаватдан сакрайман.

Шаҳдимни кўрган Веики кўча эшигини ланг очиб қўйди:

– Кет! Кет ва қайтиб келма!

Рассомнинг эшигини тақиллатганимда онаси очди.

– Қизим касал, ётибди. Сизга нима керак? – деди хушламай.

– Кираверинг – ичкаридан овоз келди – Узр, барибир улгуролмадим. Иситмам чиқяпти.

– Хўп, майли. На илож. Мана пул. Олаверинг, барибир меҳнат қилдингиз-ку.

– Ўтиринг, мен олдингизда битириб бермоқичман.

– Ундай бўлса, жуда соз!

(Давоми бор)

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+