Музей тарихий ҳақиқатни акс эттиради

31.08.2021 20:08:07

Истиқлол йилларида миллий қадриятларни тиклаш, тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш, азиз сиймолар хотирасини эъзозлаш, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар фаолияти, уларнинг бой маънавий меросини татқиқ этиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш, тарихий адолатни қарор топтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Кўп миллатли халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўла юзага чиқариш, уларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш, бу борадаги ишларнинг кўлами ва самарасини ошириш мақсадида қатағон қурбонлари меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштириш  мақсадида   олиб борилган ишлар таҳсинга сазовордир.

Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, Ватанимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари номини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш мақсадида мамлакатимизнинг биринчи Президенти ташаббуси билан 2000 йил 12 майда пойтахтимизнинг Юнусобод туманида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи очилди. Бу кўп кутилган тарихий воқеа эди. Шундан буён ҳар йили 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи пойтахтимизнинг энг гавжум зиёратгоҳларидан бирига айланади. 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Қатағонларни хотирлаш ва эъзозлаш, халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган аждодларимизнинг порлоқ хотирасини тиклаш мақсадида 2002 йил 31 август куни биринчи   Президентимиз  И. А. Каримов ташаббуси билан “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи очилди. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи “Шаҳидлар хотираси” майдонининг марказида жойлашган бўлиб, майдонга янада кўрк ва файз бағишлаб турибди.

Бугунги кунга келиб, буюк аждодларимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди, илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилди, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилди.

Дарҳақиқат, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам. 

Мустақиллик туфайли аждодларимиз олдидаги инсоний бурчимизни адо этишга имкон туғилди. Шу боис бу манзил қатағон қурбонларини хотирлайдиган муқаддас қадамжога, озод Ватанда туғилиб, камолга етган, истиқлол йўлида шаҳид кетган аждодлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатни акс эттириш, улар хотирасини абадийлаштириш музей экспозицияларида акс эттирилди.

Мустабид тузум йилларида қатағонга учраган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий ижодий меросини чуқур ўрганиш ёшларимиз қалбида аждодларимиз руҳига эҳтиром, ижтимоий адолат тантанасига ишонч, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини уйғотади, албатта.

Д. Чориева,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+