Наманганда “Адолат” СДП Қурултойига делегатлар сайланди

27.08.2021 14:08:26

Наманганда “Адолат” СДП вилоят ташкилотининг  IX  конференцияси бўлиб ўтди. Шаҳар ва туман партия конференцияларида сайланган делегатлар шу йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайловига тайёргарлик билан боғлиқ масалани муҳокама қилдилар.

Маъруза билан чиққан “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев, музокараларда қатнашган Учқўрған туман партия кенгашининг раиси Нигора Болтабоева, вилоят Кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев, халқ депутатлари Поп туман кенгашининг депутати Мафтуна Маматова, Наманган шаҳар партия кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси Аббос Усмонхўжаев ва бошқалар мамлакатимиз катта ижтимоий-сиёсий воқеа арафасида турганлигини қайд этиб, сайловолди кампаниясида сафдошларимиз фаол қатнашишлари лозимлигини изҳор этдилар.

Жойларда сайловолди штаблари иш олиб бормоқдалар. Наманганлик “адолат”чилар номзод учун имзо тўплашни барвақт якунладилар.  Айни кунларда партиявий лойиҳалар асосида тадбирлар ўтказилмоқда. Шу аснода партиянинг асосий ғоя ва мақсадлари кенг тарғиб қилинмоқда.

Конференцияда таъкидланганидек, Президент сайлови халқимизнинг эртанги куни, фаровонлиги, давлатимизнинг равнақи, дунё ҳамжамиятидаги мавқеи мустаҳкамланиши билан боғлиқ долзарб жараён ҳисобланади. Бу тадбир  илк бор Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтади. Унда конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти даврийлик принципи асосида сайланиши таъминланиши кўзда тутилган. Сайлов кампанияси даврида барча сиёсий партиялар ва улар кўрсатган номзодлар учун соғлом рақобат муҳити ва тенг шароитлар яратилади. Бундан унумли ва оқилона фойдаланиш талаб этилади.

Демак, вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари, бошланғич партия ташкилотлари, фаоллар ўзларининг бутун куч ва имкониятларини ягона мақсад йўлида бирлаштирган ҳолда ишлашлари зарур. Жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, асосий эътиборни партиямиз нуфузини оширишга қаратиш даркор. Шу мақсадда ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг муваффақиятли бажарилишини таъминлаш фаолият самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Конференцияда “Адолат” СДПнинг навбатдаги қурултойига делегатлар сайланди.

- Сафдошларимиз менга ҳам юксак ишонч билдиришди, - дейди  “Адолат” СДП Чортоқ туман кенгаши раиси Ҳабибахон Мирабдуллаева. – Биз қатнашадиган Қурултой юқори даражада ва кўтаринки руҳда ўтишига ишонаман. Ўз навбатида туманда сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан ўтказиш чорасини кўрамиз. Бу борада фаолларимиз, депутатларимиз жонбозлик кўрсатадилар.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+