Наманганда донорлар фаол бўлишди

03.06.2021 16:06:46

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни “Адолат” СДП ташаббуси билан беғараз донорлик акциясини ўтказиш яхши анъанага айланди. Бу эзгу саъй-ҳаракат Наманган вилоятида ҳам ўзининг кўплаб издошларини топди. Айниқса, партия вилоят Кенгаши томонидан тарғибот ишлари кенг йўлга қўйилганлиги бу йил донорлар сафи янада кенгайишига сабаб бўлди.

Биз 1 июнь куни вилоят қон қуйиш марказига кириб борганимизда, соат эндигина ўн бўлганди. Биринчи навбатда муассаса ҳовлиси байрамона безатилгани эътиборимизни тортди. “Бор меҳримиз сенга, болажон!” акциясига бағишланган плакатлар, партиямиз фаолиятига доир шиорлар кўзга ташланади. Келаётган одамлар оқими ҳам тинмайди.

– Бугун эрталабдан донорлар ҳар қачонгидан кўп бўлди, - дейди навбатчи ҳамшира Моҳира Ҳайдарова. – Ҳатто вилоятнинг энг олис Поп, Чуст, Учқўрғон туманларидан ташриф буюришди. Ҳаммаларини рўйхатга олдик ва донорлик бўлимига йўлланма бердик. Бу ерда уларни қабул қилишга олдиндан пухта тайёргарлик кўрилгани учун жараёнлар тезкор ва самарали кечмоқда.

Чиндан ҳам Азимжон Давронов етакчилигидаги донорлик бўлими жамоаси учун кейинги кунлар тиғиз бўлди. Чунки акция иштирокчиларидан йигирмага яқини барвақт қон топширишни ихтиёр этдилар. Масалан, Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг уй-жой, коммунал хизматлар бўлими талабаси Барно Маматхонова ўн нафар курсдошлари билан ташриф буюрди. Улар акция ўтказилаётганлиги ҳақида ижтимоий тармоқлардан маълумот олишган экан. Алишер Маҳмудов, Фаёзбек Нозимов, Жавлон Абдуманнонов ва бошқалар – жами саккиз талаба биринчилар қатори беғараз қон топширишди.

– Мен Тошкентда, тиббиёт академиясида ўқийман, - дейди  тўрақўрғонлик Нодир Боймирзаев, - Ҳозир машғулотлар онлайн олиб борилаётганлиги сабабли уйдаман. Акция ҳақида эшитганим учун унда қатнашишга аҳд қилгандим. Чунки бўлғуси шифокор сифатида бу эзгу ишнинг аҳамиятини яхши тушунаман. Биз топширган қон қайсидир инсон фарзандининг саломатлигини тиклашга ёрдам беришини ҳис қилишнинг ўзи кишига  мамнуният бахш этади.

Тушгача бўлган вақт ичидаёқ акция қатнашчиларининг сони эллик нафардан ошиб кетди. “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматованинг айтишича, жараён кечгача давом этади. Демак, донорлар сафи янада кенгаяди.

                                                                  Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+