Наманганда фаоллар ва депутатлар ўқуви бошланди

16.03.2021 15:03:37

Маълумки, бу йил мамлакатимизда навбатдаги Президент сайловлари бўлади. Мазкур тадбирга “Адолат” социал-демократик партияси ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Биринчи навбатда тарғибот-ташвиқот ишлари кўламимни янада кенгайтириш режалаштирилган. Бунинг учун эса партия ходимлари, депутатлар, фаоллардан сиёсий билим, мулоқот маданияти, тезкорлик ва катта куч-ғайрат талаб этилади.

- Ҳар қандай билим ва кўникма ўқиш ҳамда малака ошириш асносида ҳосил бўлади, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев. - Шунинг учун Наманган давлат университетида партия ходимлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўқув курслари ташкил этилганлиги айни муддао бўлди. 15 мартда “адолат”чиларнинг дастлабки гуруҳи учун машғулотлар бошланди. Бугунги кунда ижтимоий-сиёсий ҳаётда долзарб бўлиб турган мавзулар бўйича маърузаларни вилоят марказидаги олий ўқув юртларининг олимлари ўқимоқдалар.

Ўқув курслари бошланишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Мамажонов тингловчилар ҳузурида сўзга чиқди. У мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида гапирди  ва ҳаммани машғулотларда фаол қатнашишга даъват этди.

Курс иштирокчилари дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти” мавзуидаги маърузани тингладилар. Машғулотни Наманган муҳандислик-қурилиш институти ижтимоий фанлар кафедраси доценти, фалсафа фанлари номзоди Нурмуҳаммад Шайдуллаев олиб борди. Интерфаол усулда ўтказилган мулоқотда тингловчилар  ҳам иштирок этдилар.

Наманган муҳандислик-қурилиш институти иқтисод кафедраси доценти, иқтисод фанлари  номзоди Икромиддин Сирожиддиновнинг маърузаси эса Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига бағишланди.

Ҳар икки мавзу юзасидан қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Машғулотлар 27 мартга қадар давом этади.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+