Наманганда нафосат байрами

24.05.2021 11:05:20

Бу галги Гул байрамини наманганликлар одатдагидан узоқ кутишларига тўғри келди. Чунки 2020 йили ўтказилиши лозим бўлган тадбир коронавирус пандемияси сабабли қолдирилди. Тарихда биринчи бор шундай ҳолат юз берди. Куни кеча, яъни 23 майда эса 60-халқаро Гуллар фестивали бошланди.

Дастлаб кейинги пайтда юзага келган анъанага биноан Аэропорт майдонидан “Гуллар автокарвони” шаҳар марказидаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи сари йўлга чиқди. Чунки илк байрам худди шу ерда ўтказилган эди. Салкам ўн беш километр масофадаги кўчаларда автокарвонни минглаб наманганликлар ва  шаҳар меҳмонлари олқишлаб турдилар. Енгил машиналар ва юк автомобилари, трактор ва комбайнлар, бронетранспотёр ва мотоцикилар -   уларнинг русумлари ҳам турли-туман, жами 200 дан ортиқ гуллар билан безатилган машиналар барчага хуш кайфият  бағишлади.

– Мен ўттиз мартадан зиёд Гул  байрамларида қатнашганман, - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев - Яъни таққослаш учун имкониятларга эгаман. Очиғини айтганда, тадбир  ҳеч қачон бундай кенг миқёсларда ташкил этилмаганди. Бобур номли маданият ва истироҳат боғининг ҳудудидан ташқари унинг атрофидаги кўчалар, Тинчлик  майдони ва Адиблар хиёбони ҳам гул ишқибозлари ихтиёрига бериб қўйилди. Шоир айтганидай, “Мана, сенга олам-олам  гул...”.

Бир ҳафта давомида байрам марказига айланадиган боғ гўёки яшнаб кетди.  Унинг ҳудудида гул экилмаган бир қарич ер қолмаган. Ҳамма  гулхоналар бир-биридан нақшинкор ва гўзал гиламни эслатади. Улар мўйқалам усталари ва гулчиларнинг  ўзаро  ҳамкорлиги  маҳсулидир. Яъни “гилам”лар тасвири  рассомлар томонидан чизиб  берилган. Гулчилар  эса уларни ерда ўзига хос тарзда ифодалашган. Бундай чиройли, нафис ва кўркам тасвирларни ҳеч қаерда  учратмайсиз. Дастлабки ҳисоб-китобларга  қараганда, Бобур номидаги боғнинг ўзига ўн миллион донадан ортиқ гул  экилди.

60-Халқаро гуллар фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов нутқ сўзлади ва барчани қутлаб, катта авлод анъаналарини ривожлантириш катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади.  Бу байрам элники,  Ўзбекистонники,  гулчилик бўйича бутун республика ва қардош элларга тажриба алмашиш майдончаси эканлиги қайд этилди.  Шундан сўнг пойтахтдан келган ва маҳаллий санъаткорларнинг боғ  ҳудудида жойлашган саҳналардаги чиқишлари бошланди.

Ким билан  суҳбатлашманг, бундай  байрамлар озод ва  обод элга ярашади,  дейди. Шунинг учун бўлса керак, кўпчилик боғ айлангани оила аъзолари  билан бирга чиққан.  Байрам иштирокчилари гулларни томоша қилибгина   қолмай, атракционларда ўйнашади, концерт дастурларини  томоша  қилишади, турли кўрик-танловларни кузатишади. Кўнгил тусаб қолса, соя-салқинда жойлашган ошхона ва чойхоналарда овқатланиш ёки  чойхўрлик қилиш мумкин.

Хуллас, Халқаро гуллар фестивали бошланди.  31 май куни унинг тантанали ёпилиш маросими бўлади.  Ғолиб деб топилганларга қимматбаҳо совғалар, шу  жумладан, енгил автомобиллар мукофот сифатида тақдим     этилади. 

                                                                  Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+