Нажот таълимда, билимда

21.12.2022 16:12:31

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини вилоятимиз фаоллари ҳаяжон билан тингладик. Бу Мурожаат нафақат Олий Мажлисга балки барча ўзбек халқига қаратилганлиги билан ҳам қадрлидир.

Президентимиз юртимиз тараққиётининг барча соҳаларини чуқур таҳлил қилиб, олдимизда турган улуғ вазифаларни белгилаб бердилар.

Айниқса, таълим йўналишига кўп эътибор қаратилгани мени жуда қувонтирди.

Хусусан, таълим, мактаб, муаллим сўзларини ҳар бирига қайта-қайта урғу бериб таъкидлашлари биз устозларга катта куч ғайрат бағишлади. Тараққиётни таълим орқали , муаллим шаъни, нуфузини кўтариш орқали амалга таъминлаш мумкинлигини уқтирдилар. Бу йўналишда келгуси йил 70 та янги мактаблар қурилиши, 460 таси кенгайтирилиши , хусусий инвестициялар иштирокида яна 100 та мактаб барпо этилиши қайд этилди. Айтиш жоизки, бу каби йирик ишларнинг амалга оширилиши биз устозлар олдига улкан масъулият юклайди.

Мактаб муқаддас даргоҳ, дейилиши бежиз эмас. Бу ерда келажак авлод фақат билим эмас, тарбия ҳам олади. Айнан мактаб таълими ва тарбиясини олган ўқувчи келажакда шахс бўлиб етишади. Бунинг учун чуқур билим, замонавий дунёқараш, теран фикр, ижодий тасаввур ва ташкилотчилик қобилиятига эга устозлар керак.

Шунингдек, Мурожаатномада алоҳида эътибор қаратилган жараён бу мактаб битирувчиси ҳеч бўлмаганда иккита тил ва битта касб маҳоратини эгаллаши лозимлиги, бу нафақат ўқитувчиларни , айниқса ота-оналарнинг ҳам бир неча йиллик орзуси эди.

Мен бу Мурожаатдан Ватанимиз келажаги бўлмиш ёш авлодни ватанпарвар, ўз юртига фидоий инсон қилиб тарбиялаш шунингдек, ўқувчиларни креатив фикрлашга ўргатиш, энг асосийси сифатли таълим бериш вазифаси устувор қилиб белгиланган деб ҳисоблайман.

Олтин фондимиз бўлган ёшларни ҳар томонлама етук, комил, илғор технологияларни мукаммал биладиган қилиб тарбиялаш биз устозлар олдидаги асосий вазифа, мажбурият деб тушундим.

Янги Ўзбекистонда ижтимоий давлатни барпо этиш йўлида садоқат билан меҳнат қилишимиз лозимлигини юрак-юракдан ҳис этдим ва қувват олдим.

2023 йил – «Инсонга эътибор – сифатли таълим» йили деб эълон қилиниши ҳаммамизни буюк мақсадларга чорлайди. Барча юртдошларимизни ушбу йилда чинакамига қатъият билан бел боғлаб, фидоийлик билан олиб борадиган фаолиятларига муваффақият тилайман.

Муҳаббат Шарапова,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+