Ногиронлик аравачаси, ҳасса ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўз эгаларига топширилди

16.12.2021 13:12:18

Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар масалалари доимий диққат-эътиборда бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, жамиятга интеграция қилиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу кунларда давом этаётган “Меҳр-мурувват ойлиги” ҳам бунга мисол бўла олади. Мазкур тадбир Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган. У 30 ноябрда бошланган бўлиб, 30 декабрга қадар давом этади.
– Ойлик доирасида ташкил этилаётган хайрли ишларда фаолларимиз ҳам бажонидил қатнашмоқдалар, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев. – Улар давлатимиз раҳбарининг шу масала бўйича қатор қарор ва фармонлари қабул қилингани ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда катта аҳамият касб этаётганлигига гувоҳ бўлмоқдалар. Мен ўзим ҳам яқинда қатор тадбирларда иштирок этиб, жамиятда адолат қарор топаётганлигига ишонч ҳосил қилдим.
Эҳтиёжмандлар ҳақида ғамхўрлик қилиш, ўзгалар ёрдамига муҳтож шахсларга ёрдам кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади. Бу масала эндиликда давлат сиёсати даражасига чиққан, десак муболаға бўлмайди. Эътиборли жиҳат – Наманганда “Меҳр-мурувват ойлиги”нинг дастлабки ҳафтасида қатор йирик объектлар фойдаланишга топширилди. Масалан, вилоят марказининг "Шаршара" маҳалласида жойлашган ва кўзи ожиз фуқаролар яшайдиган иккита икки қаватли уй қисқа муддатда мукаммал таъмирдан чиқарилди. Мавжуд 36 та хонадоннинг барчасига замонавий коммуникация тармоқлари, энерготежамкор иситиш жиҳозлари, эшик ва ромлар ўрнатилди. Яъни, уларда яшаш учун зарур ва қулай шарт-шароитлар яратилди. Мазкур уйларнинг томи, йўлаклари ҳамда олд қисмлари ҳам бутунлай янгиланди. Шунингдек, болалар майдончаси, тандирхоналар қурилди.
Шу кунларда Намангандаги 26-“Мехрибонлик уйи”да тарбияланиб, мустақил ҳаётга қадам қўйган ёшлар ҳам қувончли лаҳзаларни бошдан кечирдилар. Мазкур муассаса битирувчилари ўз хонадонларига эга бўлдилар.
Хусусан, 24 нафар тарбияланувчига кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридаги кўп қаватли турар-жойлардан бир хонали хонадонлар нотариал олди-сотди шартномалари орқали расмийлаштирилиб, зарурий 35 турдаги уй жиҳозлари билан таъминланди, 13 нафар битирувчига аввал олинган кўп қаватли уй-жойлардан бўлган ипотека кредит қарздорлиги тўлиқ қоплаб берилди. 6 нафар ёшларнинг уй-жойлари мукаммал таъмирдан чиқарилди.
Косонсой туманида “Меҳр-мурувват ойлиги” муносабати билан кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Яқинда “Янгийўл” маҳалласи Кумуш тола кўчасида яшовчи Нуриддинхон ота Нуриддинов, “Янги шаҳар” маҳалласи Бободеҳқон кўчасида яшовчи Аҳадхон ота Маматов ҳамда Ўлмас ота Маллаев хонадонларига Халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгаши депутатлари Дилфуза Валиева, Олимжон Қосимов Ўзбекистон Либерал-демократик партияси туман Кенгаши раҳбари Толибжон Шеров туман тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими ҳамкорлигида йўқловлар уюштириб, ногиронлик аравачаси, ҳасса ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширдилар.
Шунингдек, “Янгийўл” маҳалласининг Ўқитувчилар кўчасида яшовчи Усмонхон ота Исроиловга санаторийга бепул йўлланма берилди.
Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, туманда бугунги кунда 5 минг нафарга яқин имконияти чекланган кишилар бўлиб, ундан 689 нафарини вояга етмаганлар ташкил этади. Уларнинг барчаси эътибор ва ғамхўрлик қуршовида.
Биз “Меҳр-мурувват ойлиги” доирасидаги айрим тадбирлар тўғрисида фикр юритдик, холос. Вилоятда эзгуликка йўғрилган ишлар давом этмоқда.


Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+