Номинация ғолиблари тақдирланди

10.06.2024 16:06:23

Номинация ғолиблари тақдирланди

Урганч Давлат университети Маданият саройида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Хоразм вилоят, Урганч шаҳар «Аёллар» қаноти ҳамда ҳамда УрДУ Хотин-қизлар маслаҳат Кенгаши ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Истеъдод, иқтидор ва рағбат» мавзусида истеъдодли қизлар фестивали ташкил этилди.

Тадбирга партия фаоллари, депутатлар, ёш адолатчилар, мазкур олийгоҳнинг талабалари, ўқитувчилари ва бошқа ҳамкор ташкилот вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад- университетнинг иқтидорли ва истеъдодли, ҳунарманд, тадбиркор, эпчил ва зукко қизларни топиш ҳамда талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга кўмаклашишдан иборат бўлди.

Тадбирни УрДУ Хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси, Тарих кафедраси доценти Шоира Нуруллаева кириш сўзи билан очиб берди. Унда ёшларни иқтидорларини намоён қилиш ва жамиятда ўз ўринларини топиши учун қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар хусусида қайд этди.

Тадбирни ёш адолатчи Маҳлиё Рустамова бошловчилик қилиб, танлов шартлари ва натижалари тўғрисида эълон қилиб борди.

Унда иштирокчи қизлар шеърият, сухандонлик, тўқувчилик, тикувчилик ва бошқа 14 та номинация бўйича беллашдилар. Танлов шартларига асосан, иштирокчилар ўзини таништирди, ўзи қизиққан ва шуғулланиб келаётган соҳа тури тўғрисида маълумот беришди ва қўл ишларидан ва ижодидан ҳайъат аъзоларига намуналар тақдим этишди.

«Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши ходимлари, УрДУ ўқитувчилари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати танлов шартларини адолатли ва холисона баҳолаб боришди.

Гулора Исмоилова, ҳакамлар ҳайъати аъзоси:

  • Танлов ғолибларини аниқлаб олиш жуда ҳам қийин кечди. Бир биридан зукко, бир –биридан чаққон, иқтидорли қизларнинг айниқса, милий услубда тайёрлаган қўл ишларини кўриб ҳайратда қолдик, кўзимиз қувонди.

Рўза Сапарбоева, УрДУ Педагогика факультети талабаси:

  • Бўлиб ўтган танлов ҳаётимда унутилмас воқеаликка сабаб бўлди. Шеърият бўйича ғолибликни қўлга киритдим, «Адолат» СДПга аъзо бўлиш истагим амалга ошди ҳамда партия томонидан чоп этилаётган «Истеъдод гулшани -2» китобига менинг ҳам шеърларим киритиладиган бўлди. Қувончим чексиз, менга билдирилган ишончни бор куч ва ғайратим билан оқлайман.

Тадбир сўнгида 14 та номинация бўйича ғолибликни қўлга киритган 14 нафар 1-ўрин эгалари партиянинг 1-даражали дипломлари билан тақдирландилар.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

«Адолат» СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+