Номзод ўқувчилар билан инглиз ва араб тилларида суҳбатлашди

07.10.2021 10:10:54

“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашувидан сўнг Марғилон шаҳридаги вилоят сил касалликлари диспансерида шифокорлар билан суҳбатлашди. Шифохонанинг моддий техник базаси, беморларга яратилган шароитлар билан танишди. Тиббиёт вакилларининг меҳнат фаолиятини рағбатлантириш, ишлаш тартибида самарадорликка эришишга қаратилган таклифларини берди.

Шунингдек, номзод шаҳардаги рақамли технологиялар марказида ёшлар билан учрашди. Аввало, марказда амалга оширилаётган стартап ва инновацион лойиҳалар билан танишди. Марказда таълим олаётган кўплаб ўқувчиларнинг эришган ютуқлари, айниқса, чет тилларини  ўрганиш бўйича муваффақиятлари номзодни қувонтирди.  Ёш иқтидор эгаларига янада яхши таълим олишлари, берилган имкониятдан унумли фойдаланишлари зарурлиги, ёшликда олинган билим  келажак учун мустаҳкам пойдевор эканлигини таъкидлади. Тил ўрганишни мукаммаллаштиришга доир тавсияларини берди.  Ёш иқтидор эгалари – Хайрулла билан инглиз, Мадина билан араб тилида суҳбатлашди. Улар  келажакдаги орзулари, мақсад ва инитилишлари ҳақида ўртоқлашиб, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

-Сизлар – бизнинг эртамиз таянчисиз, – деди номзод Баҳром Абдуҳалимов. – Билим олишга бўлган иштиёқингиз ва интилувчанлигингиздан қувонамиз. Ватанимизнинг  ривожи йўлидаги ҳиссангиздан фахрланамиз. Мамалакатимизда олиб борилаётган ёшларга доир ислоҳотлар,  манзилли чора-тадбирларнинг ҳар бири   фаровон ҳаётингиз, бахтиёр келажагингиз учундир.  Уларнинг ҳар биридан унумли фойдаланинг.  Сизларни доим қўллаб-қувватлаймиз ва ишонамиз.    

Камола ПОЛВОНОВА,

 “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+