Нотариал фаолиятни бошлаш учун ариза беришдаги янги давлат хизмати ҳақида биласизми?

22.07.2022 15:07:14

Мамлакатимизда Нотариат тизимида кўплаб ўзгартиришлар ҳамда янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кўплаб Нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда шу билан бирга жиддий ўзгаришлар ҳам амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 7 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг “Нотариал фаолиятни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 369-сонли қарори билан Хусусий нотариал фаолият бўйича малака имтиҳонини ташкил этиш юзасидан давлат хизматини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти тасдиқланди.

Ушбу Регламентга асосан Мурожаат қилиш ва имтиҳонни ташкил этиш бўйича давлат хизмати My.gov.uz - Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали комиссия томонидан кўрсатилади.

Талабгор 25 ёшдан кичик ва 65 ёшдан катта бўлмаслиги, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида 3 йиллик иш стажига эга бўлиши, шу жумладан нотариал идорада камида 1 йил стажировка ўтаган бўлиши шарт.

Судялик лавозимида камида 5 йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида 3 йил ишлаган шахслар стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этишга ҳақли.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг бошқарув ходими (нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ бўлмаган) ёки адвокат сифатида камида 3 йил ишлаган, бироқ ваколати тугатилган вақтдан бошлаб 5 йил ўтмаган шахслар 6 ой стажировка ўтайди.

Мазкур Регламентга асосан қуйидагилар нотариус бўлиши мумкин эмас:

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

нотариус, адвокат, терговчи, Суриштирувчи, прокурор, судя ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколатлари ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун тугатилган шахс – 3 йил мобайнида.

Давлат хизматини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари  яъни 150.000 сўм (Давлатимиз раҳбарининг 20.05.2022-йилдаги ПФ-138-сонли Фармонига асосан базавий ҳисоблаш миқдори — ойига 300 000 сўм ) миқдорида йиғим ундирилади.

Малака имтиҳони талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилган хулоса тасдиқланган кундан бошлаб 5 кундан сўнг, лекин 15 кундан кечиктирмай ўтказилади.

Ҳар қандай шахс кундалик ҳаётида бирор-бир ҳуқуқий муносабатга киришади. Кимдир меросга эга бўлса, яна кимдир ижара, олди-сотди, ҳадя, кредит муносабатлари билан тўқнашади. Ҳар бир ҳолатда муайян бир нотариал ҳаракатлар амалга оширилади.

Шу боис, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институт — нотариат фаолиятини самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳамда нотариал идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати ва даражасини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз навбатида назарда тутилган мақсад вазифаларга эришишда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 Расулбек ИБРAГИМОВ

Хоразм вилоят адлия бошқармаси

етакчи маслаҳатчиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+