“Новза” соҳил бўйи сайилгоҳи қурилишига ваъда берилди

02.03.2021 15:03:17

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “Адолат” СДП Тошкент шаҳар ҳудудидан сайланган депутатлари ўз округларида ўрганиш ишларини олиб боришди.

Хусусан, Елена Михайловна Борисова Чилонзор туман аҳолисидан келиб тушган мурожаатларга асосан “Бўз сув” анҳорининг Муқимий ва Чўпонота кўчалари оралиғида жойлашган 1.7 км  қисмида ўрганиш ишларини олиб борди. Аниқланишича, ушбу анҳор атрофи бир неча йиллар давомида қаровсиз қолган. Асосан аҳоли истиқомат қиладиган канал атрофи ҳимоя тўсиқлари билан ўралмаган. Мурожаатчилар канал атрофини ободонлаштириш зарурлигини сўрашмоқда.

Депутат Е.Борисова бу бўйича шаҳар хокимлигининг қурилиш ишлари бўйича масъулларидан изоҳ талаб қилди. Уларнинг берган маълумотларида бу борада режадаги ишлар пандемия сабабли ортга суриб келинганлиги айтилди. Жорий йилдан бошлаб мазкур ҳудудда маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда тадбиркорларни ҳусусий шерикликка жалб этиш орқали ободонлаштириш ишлари бошланишига ваъда берилди. Бу бўйича 2023 йилга қадар амалга оширилиши белгиланган “Новза” соҳил бўйи сайилгоҳининг лойиҳа харитаси тақдим қилинди.

Депутат Е.М.Борисова Чилонзор туманидаги 34-оилавий поликлиникани ҳам бориб ўрганди. 7000 нафардан кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатадиган шифохонада асосан хоналар етишмаслиги, поликлиника биноси таъмирталаблиги аён бўлди. Шунингдек, поликлиника бевосита бириктирилган аҳоли орасида кўпроқ семизлик, гипертония, нафас йўллари ҳамда эндокринологик касалликлар кўпроқ қайд этилгани аниқланди. Депутат ушбу муаммолар негизини атрофлича ўрганиб, касаллик ҳолатларини камайтириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилиши кераклигини таъкидлади ҳамда бош шифокор ҳамда туман соғлиқни сақлаш бўлимига аниқ вазифалар бўйича тавсиялар берди. Шифо масканини таъмирлаш бўйича мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови чиқаришни белгилаб олди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулрух Агзамова эса Сергели туман ҳокимиятида бўлиб, фуқаролар мурожаатларини тинглади. Мурожаатларда аниқланган муаммолар юзасидан тегишли тушунтириш ҳамда тавсиялар берди. Ечимга бевосита кўмаклашиладиган бўлди. Шунингдек, депутат Г.Агзамова тумандаги айрим сабабларга кўра қурилиши тугалланмай қолган 266 умумтаълим мактабини бориб кўрди. Ўрганишларда аниқланган хулосаларга таяниб, пудратчи қурилиш фирмасига муаммони бартараф этиш бўйича муайян мухлат берди ва ижрони назоратига олишини таъкидлади.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+