Нурободлик ёшларга экин ерлари ажратилмоқда

22.03.2021 09:03:52

Биласизки, шу йил 27 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу айни йўналишдаги изчилликнинг самарасини янада оширди. Бугун барча ташкилотлар ҳокимликлар, раҳбарлар мазкур масала юзасидан ишга киришган.

Видеоселектор йиғилишида Юртбошимиз бандликни таъминлашда энг катта заҳиралардан бири деҳқончилик қилиш учун ер ажратиш масаласига яна бир бор тўхталди. Шу билан бирга бу борада ҳам қатор самарали таклиф ва механизмларни ўртага ташлади. Хусусан, эндиликда Бош вазир ўринбосари жойларда ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тартибини жорий этадиган бўлди. 

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир комплексда ёшлар билан ишни қандай ташкил қилиш кераклиги масаласига эътибор қаратилиб, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, ташқи савдо ва инвестиция, умуман, ҳар бир соҳада ҳозирги пайтда республика бўйича мавжуд бўлган 844 минг нафар ўғил-қизнинг бандлигини таъминлаш бўйича вилоят, туман, сектор, маҳаллалар кесимида ёшлар балансини ишлаб чиқиш топшириғи берилди. 

Бу борада Нуробод туманимизда ҳам ишлар изчиллик билан бошлаб юборилди. Тумандаги 190 нафар ёшнинг ҳар бирига 1 гектардан ер ажратилди. Жойларда ўтказилган тадбирларда  узоқ йиллардан буён деҳқончилик билан шуғулланган ёши улуғ отахонлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар, шунингдек, мавзуга оид савол-жавоблар ўтказилди. 

Отахонлар ёшларимизни дуо қилиб ишларига омад тилаб қолдилар. 

Айни пайтда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, туман ёшларининг бандлиги таъминланмоқда. Бунда сектор раҳбарлари, жамиятда ўз ўрнини топган йирик тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжалиги ҳамда кластерларга бориб, ёшларимиз учун маҳорат дарслари ўтказаётгани олиб борилаётган ишларнинг самарасини янада оширмоқда.

 

Файруза КАМОЛОВА,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+