Очиқлик-ошкоралик бўлган жойда коррупцияга қўл уриш имконсиз

28.05.2021 21:05:11

М у н о с а б а т

Бугунги кунда халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги, авваламбор, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётда қўлланилиши, натижадорлиги ортиқча бюрократик тўсиқлар вужудга келмаслиги ва халқ манфаатларига хизмат қилиши билан бевосита боғлиқдир.

Аммо жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳа эмас, балки бутун жамият тараққиётига хизмат қилиб келаётган ислоҳотларга тўғаноқ бўлиши, давлатни ич-ичидан емириши мукин. Бу иллат коррупция ва порахўрликдир. Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфлидир.

Шу боис давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат ҳам “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди. Натижада коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Буни сўнгги йиллларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Жумладан, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакат тараққиётининг энг муҳим йўналишлари белгилаб олинган Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи – Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган йўналишида бевосита коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган.

Ўтган қисқа вақт давомида ушбу дастурий ҳужжат асосида коррупциянинг олдини олишга қаратилган бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, Президент Халқ қабулхонаси, “ишонч телефони” ҳамда “виртуал қабулхонаси”, шунингдек, ҳар бир вазирлик ва давлат идораларининг “ишонч телефонлари” ҳамда “виртуал қабулхоналари” ишга туширилди.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларнинг эркинлигини таъминлаш, давлат идораларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлишларига, раҳбарларнинг кундалик фаолиятида журналистлар билан яқин мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишларига қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилди. Натижада мансабдорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати жамоатчилик кўз олдида бор ҳолича намоён бўлиб, улар томонидан қабул қилинаётган ноқонуний қарорларнинг бекор қилинишига эришилмоқда. Зеро, очиқлик-ошкоралик бўлган жойда коррупцияга қўл уриш мураккаблашади.

Муҳим қадамлардан яна бири бу – аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими тубдан ислоҳ қилиниб, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Республикада 203 ДХМ, туман марказидан 100-300 километр узоқда жойлашган ҳудудларда ҳам аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг 100 дан ошиқ филиаллари ташкил қилинди. 2017 йилда 38 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунда 157 турдаги давлат хизматларини яшаш жойидан қатъий назар, экстерриториал тамойили асосида олиш имконияти яратилди. Фуқаролар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сони 167 тадан 79 тага қисқартирилди. Натижада ушбу хизматлар кўрсатиш жараёнида инсон омилининг иштироки тўлақонли бартараф этилиб, фуқаролар ортиқча бюрократик тўсиқларсиз ўзларига зарур бўлган хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Шу билан бирга, Президентимизнинг 2018 йилда имзоланган “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳар бир вазирлик ва давлат идораси ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди. Бугунги кунда бу каби кенгашлар давлат ташкилотлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишда муҳим бўғин бўлиб хизмат қилмоқда.

Коррупцияга қарши курашишнинг институционал асосларини такомиллаштиришда 2020 йил мамлакатимиз тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Боиси, 2020 йил 29 июнь куни соҳа ривожига туртки бўладиган икки муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар билан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширувчи янги тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентлик давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлайдиган, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Шунингдек, юқорида қайд этилган фармон билан коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро кенгаши коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши этиб қайта ташкил этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августда “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан номарказлаштириш сиёсати изчил ва тизимли давом эттирилиб, 42 та лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинди. 38 та лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомили 17 тага бирлаштирилди. 25 турдаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилининг муддати уларни ички расмийлаштириш вақтини камайтириш ҳисобига қисқартирилди. 9 турдаги лицензия бўйича лицензияловчи органнинг функциялари Вазирлар Маҳкамасидан тегишли давлат органларига, 5 турдаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомили эса республика давлат бошқаруви органларидан уларнинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилди.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шу йилнинг ўзида Олий Мажлис Сенатида ҳам Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларида тегишли қўмита ва комиссиялар фаолияти “Коррупцияга қарши курашиш доимий комиссияси” сифатида қайтадан йўлга қўйилди.

Уларнинг асосий вазифаси этиб коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижроси устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари мансабдор шахсларининг ахборотларини эшитиб бориш, амалдаги қонун ҳужжатларида коррупцияга имкон берувчи ва шарт-шароит яратувчи ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини ўрганиш, натижалари бўйича амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш кабилар белгиланди.

Шунингдек, Президентнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишда вазирлик ва идораларнинг фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича «йўл харита»си тасдиқланди.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан биргаликда, вазирлик ва идоралар томонидан коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган идоравий ҳужжатлар, “коррупциясиз соҳа” дастурлари ва бошқа режа-дастурлар қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда.

Бундан ташқари, биргина 2020 йилнинг ўзида Президент раислигида коррупцияга қарши курашиш йўналиши бўйича 10 га яқин видеоселектор йиғилиши ҳамда учрашувлар ўтказилиб, масъул идора ва вазирликларга тегишли кўрсатмалар берилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ушбу иллат билан давлат даражасида курашишга қатъий бел боғланганини англатади. Буни нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки халқаро ҳамжамият ҳам жиддий сиёсий ирода сифатида қабул қилмоқда.

Галдаги вазифа сифатида эса шуни айтиш мумкинки, коррупцияга қарши муросасиз курашиш борасида муҳим натижаларга эришиш ҳамда белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширишда биз, халқ вакиллари локоматив бўлишимиз даркор. Чунки коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини кучайтиришимиз лозим. Коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчига айлансагина, маълум бир натижаларга эришиш мумкин.

Бунинг учун эса биз, халқ вакиллари жойларда аҳоли билан ўтказилган учрашувларда бу борада амалга оширилаётган ишлар мазмун- моҳиятини фуқароларга тўғри етказишимиз, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳамда парламент назорати орқали белгилаб олинган вазифаларни ўз вақтида амалга оширишни назорат қилиб боришимиз лозим. Шундагина, ҳар бир фуқаронинг қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат қилиши кафолатланадиган, ўз меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуришга эришамиз.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+