Одамийлик ифодаси

22.04.2021 09:04:12

Меҳр-оқибат – ўзбек халқига хос энг олий фазилат.  Мамлакатимизда улуғ аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш ўзига хос қадрят, эзгу анъанага айланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг юртимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар
ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, орамиздаги барча фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилган қарорининг мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай эзгу тамойиллар ўз ифодасини топган.

Қарорда қайд этилганидек, бу йилги 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар “Хотира бор экан – миллат барҳаёт”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорлари остида юқори савияда ўтказилиши белгиланган.

Эътиборли жиҳати, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи, уйини таъмирлаш, хонадонидаги ободонлаштириш ишларига кўмаклашиш, уларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, парвариш қилиш учун тиббий билимга эга ходимларни бириктирган ҳолда узлуксиз патронаж хизматини йўлга қўйиш, хоҳишларига қараб юртимиз ҳудудидаги санаторийларга бепул юборилишини таъминлаш борасида амалга ошириладиган ишлар халқимизнинг бағрикенглиги, олийжаноблиги, бир сўз билан айтадиган бўлсак одамийлигининг яққол намоён этувчи жараён десам янглишмайман.

Миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, қанча-қанча инсонларни бевақт жудолик домига тортган совуқ урушнинг қонли майдонларида Ватан озодлиги, осмони мусаффолиги учун, келажак авлодларнинг ёруғ кунларга етиши учун жон берган, ўзини фидо этган азиз инсонлар хотирасини ёдга олсак, бугун ҳаёт бўлган фахрийларимизга қанча ҳурмат-эҳтиром ва эътибор кўрсатсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Санобар МИРСАИДОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+