Одамлар умрига умр қўшиб...

31.01.2024 10:01:19

   Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг “Одамлар бор одамларнинг нақшидир, одамлар бор ҳайвон ундан яхшидир” деган мисралари асрлар оша ҳар биримиздан инсонийликнинг улуғлашга ундайди. Афсуски, орамизда тўрт мучаси соғ бўла туриб, ҳаётини гиёҳвандликка бағишлаб, оиласининг бахтини саробга айлантирган, ширин ва қисқа умрини жаҳолат ботқоғига ботираётганлар ҳам бор. Мол-давлатини қўлга киритиш истаги билан яқинларини жонига қасд қилаётган нотавонларни ҳам кўряпмиз.
   Фарғонада юрт фахрига айланган, аммо содда ва самимий бир инсон бор. “Фахрий донор” кўкрак нишони соҳиби - Улуғбек Қориев. Ҳаёти давомида бир эмас, ҳаёти қил устида турган 40 нафар инсонларга бебаҳо неъмат — ўз қонини бериб, улар ҳаётини асраб қолган жасорат соҳиби. 40 оилага қувонч, хотиржамлик тортиқ этгани ҳам ҳақиқат асли.
   Фарғона шаҳридаги Фарғона вилоят Юридик техникумига ўқувчи ёшлар ва педагоглар жамоаси билан ўтказилган “ Донор ва ёшлар” учрашувига фахрий донор, “Адолат” социал демократик партияси фаоли - Улуғбек Қориев таклиф этилди.


   Учрашувни Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари - Бунёд Аҳмадалиев кириш сўзи билан очар экан, донорлик шарафи ҳақида қисқача сўз юритди.
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 августдаги “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарорига асосан, Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши жамоаси, ҳамкор ташкилотлар, депутатлар ва фаоллар билан ҳамкорликда мунтазам равишда донорлик акцияларини ўтказиб келамиз. Бу орқали ҳар йили юзлаб инсонларни ҳаётини асраб қолишга, умрларини узайтиришга ҳисса қўшаётганимиздан бахтиёрмиз. Бу акциялар давомида ўзим ҳам донорлик шарафли иш эканлигига амин бўлдим. Сўнгги 3 ой давомида оғир дардга чалинган М. Н. учун 2 маротаба қон топширдим. Уни кўзларидаги миннатдорлик туйғуси менга қувонч бағишлайди, — деди донорликдек шарафни бошидан кечирган Бунёд Аҳмадалиев.


   Улуғбек Қориев - фахрий доноримиз. У бир неча бор инсонлар ҳаётини асраб қолишга муносиб ҳиссасини қўшган.
— Тун ярмидан ўтганда ҳам дарвозамизни тақиллатиб, яқинларининг ҳаётини асраб қолишга кўмак сўраб келганлар кўп бўлган. Қон гуруҳимиз бир хил бўлган инсонларга нафим тегаётганидан севиниб кетаман.
   Суҳбат давомида Фарғона вилоят қон қуйиш маркази донорлар бўлими бошлиғи - Санжар Мирзааматов кимлар донор бўлиши мумкинлиги ҳақида батафсил тушунчаларни бериб ўтди.
   “Донор ва ёшлар” учрашуви давомида техникум ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга фахрий донордан тегишли жавобларни олдилар.

Гулчеҳра Аҳмедова, Ўзбекистон “Адолат ” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+