Одил судлов ва жамоатчилик ишончи

11.12.2023 14:12:13

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва ҳар бир соҳада замонавийликка эришиш “Адолат” СДПнинг асосий мақсадларидан бири. Бу борада жойларда ташкил этилаётган тадбирлар жамоатчиликнинг партиямизга бўлган ишончини оширмоқда.

Партиянинг Андижон вилоят кенгаши томонидан “Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар янги босқичда” мавзусида ташкил этилган тадбир айни шу мақсадга қаратилди. Унда партия фаоллари билан бирга маҳаллий кенгаш депутатлари, ҳуқуқшунослар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида сўз олган халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутати Насиба Тўйчиева кейинги йилларда республикамизда қонун ижодкорлиги борасида олиб борилаётган ишлар, суд тизимидаги ислоҳотлар ва фуқароларнинг қонунларга бўлган ишончи ортиб бораётгани хусусида гапирди. Албатта, бу борада маҳаллий кенгаш депутатларининг фаоллиги ҳам ошиб бораётгани, сайловчилар билан ишлашда ўзига хос йўл тутилаётганини таъкидлади.

Олтиной Ўроқова, Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчиси, партия фаоли:

-Одил судловга эришишда Президентимизнинг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг аҳамияти катта. Унда судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш йўлга қўйилиши кўрсатиб ўтилган. Бу айни вақтда ишни кўришни тезкорлигини ошириш билан бирга шаффофликка ҳам хизмат қилади. Авваллари судларда ишларни кўришда маълумот алмашинуви кўп вақт талаб қиларди. Эндиликда ахборот тизимларининг ўзаро интеграция қилиниши билан қоғоз шаклида ишлашга чек қўйилиши жуда ўринли бўлди.

Тадбирда сўз олганлар таъкидлаганидек, судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

 “Адолат” СДП
Андижон вилояти кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+