Оилавий можаро ечим топадими?

07.07.2021 11:07:43

Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Сурхондарё вилояти Бандихон туманида ёш келинчак икки фарзанди билан сурункали хўрланиб келганлиги учун жонига қасд қилди” сарлавҳали видеоёзув тарқалиб жамоатчилик томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Унда жорий йил 4 июль куни телеграм ижтимоий тармоғидаги “Халқ овози” саҳифасида Ўзбекистон Республикаси Президентига Сурхондарё вилояти Бандихон туманида истиқомат қилувчи ёш келинчак икки фарзанди билан сурункали тарзда хўрланиб келинганлиги сабаб ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлганлиги хусусида  видео мурожаат йўллаган эди.

Видеода келтирилишича, фуқаро 1998 йилда таваллуд топган бўлиб, касб-ҳунар коллежида 2-курс талабаси бўлган пайтда турмушга узатилган ва ўтган давр мобайнида у қайнонаси ва турмуш ўртоғи томонидан мунтазам равишда калтакланиб тазйиқ остида бўлиб келганлигини айтиб ўтган.

Шунингдек, видеоёзувда фуқаро иккинчи фарзандини дунёга келтиргач 5 кун ўтгач қайнонаси томонидан аёвсизларча калтакланганлиги ва 10 кун давомида туман касалхонасида жонлантириш бўлимида даволанганлиги, оғир тан жароҳатлар билан касалхонага келтирилганлигига қарамасдан туман ИИБ ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари томонидан хабар олинмаганлиги таъкидланади. Шундан сўнг мунтазам равишда турмуш ўртоғи ва қайнонаси томонидан хўрланиб тазйиқлар остида қолган ёш келинчак жорий йил 31 май куни ўз жонига қасд қилишга уринганлигини келтириб ўтади.

“Охири мен мажбур бўлдим, ошхона пичоғини олиб ўз жонимга қасд қилишга, томиримни кесдим.....” – дея таъкидлаган 2 мурғак гўдакнинг онаси.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП вакиллари, партия Бандихон туман “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоллари айни пайтда келинчак истиқомат қилаётган тумандаги “Ўшор” МФЙга ташриф буюришди.

Аниқланишича, видеомурожаат йўллаган фуқаро тумандаги “Ўшор” МФЙда яшовчи Жумагул Холмуродова бўлиб, у олти йил аввал ушбу тумандаги “Чинор” МФЙ фуқароси Тўлқин Тўрабоев билан турмуш қурган бўлиб, ўрталарида икки вояга етмаган фарзандлари борлиги, айни кунда Ж.Холмуродова отаси Д.Холмуродовнинг уйида яшаётганлиги маълум бўлди.  

Ўрганишлар жараёнида икки йил давомида оилада қайнона-келин ўртасида жанжал чиқиб, қайнонаси келинни икки нафар фарзанди билан  уйдан ҳайдаб чиқараётганлиги, эри Т.Тўрабоев ҳам онасига ён босиб хотини билан бирга яшамаслигини бот-бот таъкидлаётганлиги маълум бўлди. Видео мурожаатда айтилган  туман оила ва маҳаллани қўллаб қувватлаш маркази ходимлари хабар олмаганлиги тўғрисидаги шикоят бўйича ҳам текширув ўтказилиб, аниқланишича шу икки йил давомида марказ ходимлари ҳамда “Чинор” МФЙ фаоллари ҳамда маҳалла инспектори мазкур оиладаги келишмовчиликларни бартараф қилиш мақсадида, уларни яраштириш учун доимий оила аъзолари билан суҳбат қилиниб, қайнона-келинга тушунтиришлар олиб борилганлиги аён бўлди. Бу борада Марказ ходимлари ва маҳалла фаоллари томонидан оилавий келишмовчиликка барҳам бериб, ўртадаги икки фарзанд ота-она бағрида ўсишини, қайнона келин билан яшашни хоҳламаётган бўлса, ёш оила бошқа уй олиши ёки ижарада яшаши мумкинлигини айтиб, фикр-мулоҳазалар билдирилган.  Лекин шунга қарамай, оилада қайнона устун келиб, келин-куёвнинг бир-биридан совиб кетиши ва оила ажралиш ёқасига келиб қолишида сабаб бўлаётганлиги маълум бўлди. Мазкур можаро уй-жой масаласига бориб тақалиб, ўз навбатида энди келин Ж.Холмуродова ҳам турмуш ўртоғи Т.Тўрабоев билан яшай олмаслигини билдириб, эри уй-жой билан таъминлаб беришини даъво қилаётганлиги аён бўлди.

Мазкур масала юзасидан партия фаоллари ва туман “Аёллар қаноти” Кенгаши вакиллари ўрганишлари ва мутасаддиларга қилинган мурожаатларга жавобан туман ҳокимлиги мутасаддилари, туман оила ва маҳаллани қўллаб қувватлаш маркази ходимлари мазкур муаммони ҳал этиш учун тезда чора-тадбир кўришларини айтиб, аёлга маънавий ва моддий ёрдам беришларини билдирдилар. Ўртада икки нафар норасида гўдак етим қолмаслиги, ёш оилани яраштириш ва аёлни уй-жой билан таъминлашда амалий кўмак кўрсатиш ва оилани барбод бўлишидан сақлаб қолиш учун амалий ҳаракатлар олиб борилишини билдиришди.

Ҳаётда оилавий келишмовчиликлар, низо ва жанжаллар келиб чиқишининг турли сабаблари бўлади. Бунда биринчи навбатда моддий-иқтисодий етишмовчиликлар, қайнона-келин муносабатларида аҳиллик йўқлиги, эр-хотиннинг бир-бировларини тўғри тушунмаслиги, ўртада меҳр- муҳаббат, ҳурмат-иззатнинг кўтарилиши, бир-бирига хиёнат қилишлар туфайли келишмовчиликлар охир оқибат эр-хотин ажримлари билан тугаши аён. Энг ачинарлиси ажрим қилинган мана шу оилаларнинг кўпчилигида камида икки нафар фарзанд тирик етим бўлиб қолиши ачинарлидир. Бу гўдак болалар учун ҳам, оила учун ҳам оғир фожиадир. Бундай ачинарли ҳолатга ҳеч биримизнинг бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ. Қолаверса, етарли ҳаёт тажрибасига эга бўлган катта ёшдаги кишиларнинг, қайнота ва қайноналарнинг, энг яқин қариндош-уруғларнинг бундай ҳолатга совуққонлик билан қараб туришларига барҳам берадиган пайт келмадимикан!?.

Адашганларни тўғри йўлга солиш, маҳаллаларда нотинч оилаларга, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларга панду-насиҳатлар қилиб уларни яраштириш, тушунтириш ишларини олиб бориш, бу барчамизнинг улкан ва масъулиятли вазифамиздир.

 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+