Ўйдим-чуқур йўллар қачон текисланади?

25.03.2024 15:03:35

   Наманган вилоятининг Тўрақўрғон - Косонсой автойўли ҳам иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга бўлган асосий қатнов йўлларидан бири ҳисобланади. Бу йўлдан ўнлаб қишлоқ ва туманлар марказига бориш мумкин. Бу йўл водий вилоятлари ва пойтахтга ҳам олиб боради. Бу йўлдан оғир юк ташувчи автоуловлар ёрдамида қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш маҳсулотлари ташиб ўтилади. Қўйингки, ўртача 50-60 минг аҳоли фойдаланадиган бу йўлдан ҳар куни ўн минглаб ҳамюртларимиз у ёки бу юмуш баҳонасида «Damas» ва бошқа енгил автоуловларда у томондан бу томонга бориб келишади.


Ўқувчилар ва тарбияланувчилар мактаб ҳамда боғчаларга, талабалар олийгоҳларга қатнашади. Хуллас, асосий автомобиль йўллари қатори бу йўлда ҳам куну тун автомобиллар ҳаракати тўхтамайди. Бир пайтлари йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида автобус қатнови ҳам йўлга қўйилган бўлиб, у Косонсойдан Тўрақўрғон марказигача борарди, холос. Бу ҳол йўловчиларни қаноатлантирмасди. Агар автобус Наманган шаҳри марказига қадар борганда эди, эҳтимол ундан муқим фойдаланиш имкони туғилган бўларди. Афсуски, бундай бўлмади. Оқибатда, «пул тушуми даражаси паст, режа бажарилмади», деган баҳона билан автобуслар қатновдан тўхтатилди.
   Лекин Тўрақўрғон - Косонсой автойўлининг асосий муаммоси йўлнинг талаб даражасида эмаслигида. Чунки, собиқ шўро замонидан бери эътибордан четда қолиб келадиган йўл тор ва бунинг устига ёз чилласида асфальт эриб, кўпчиб, сатҳидаги текислик бузилади, қишли-қировли кунларда ўйдим-чуқурлар ҳосил бўлади. Ҳар йили йўлсозлар томонидан амаллаб, чуқурлар ямалади. Лекин баҳор келиши билан муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу қатнов йўли аввалги ҳолига қайтади. Текис йўл қидириб, каскадёрларга хос тарзда машина бошқарадиган ҳайдовчилар ўнқир-чўнқирлардан чарчашган. Айрим қишлоқларда ҳар қадамда хавф туғдирадиган чуқурчаларни савобталаб кишилар нам тупроқ билан тўлдириб қўйишмоқда. Лекин бу усул вақтинча қўл келиб, ёғингарчиликдан сўнг, боягидай бўлиб қолмоқда. Халқимизда: «Эскини ямаб, эсинг кетади», деган нақл бор. «Ямоқчилик» қачонгача давом этади? Аҳолини, айниқса автоулов соҳибларини: «муаммо қачон ҳал бўлади?» деган савол ҳамон қийнаб келмоқда.
   Кўплаб йўловчилар ва автоулов ҳайдовчилари йўл билан боғлиқ ушбу муаммо тегишли идоралар мутасаддилари томонидан тез кунларда бартараф этилишидан умидвор бўлиб туришибди.

   Муҳиддин ОМАД,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Наманган вилоят Кенгаши
матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+