Олий даражадаги музокараларда икки томонлама манфаатлар ҳисобга олинди

22.07.2024 13:07:17

Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон Республикаси алоҳида ўрин эгаллайди. У жаҳон савдо ташкилотига аъзо. Давлатнинг шу кеча-кундуздаги майдони 198 500 кв. км, аҳолиси эса 5 миллион кишини ташкил этади. Пойтахти Бишкек шаҳри. Кейинги йилларда Қирғизистон ҳар томонлама ривожланаётган мамлакат сифатида эътироф этилмоқда. Мамлакат 1991 йил 31 августда мустақилликка эришган. Шундан буён дунёдаги барча давлатлар, хусусан, Ўзбекистон билан ҳам ҳар томонлама сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг бу галги давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишида ҳам бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ташриф доирасида президент Садир Жапаров давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама ўтказган музокараларида кўпгина икки мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи муҳим ҳужжатлар имзоланди. Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Олий даражадаги меҳмон Садир Жапаров ва Ўзбекистон Президенти Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги маданият кунлари расмий очилиш маросимида иштирок этдилар. Шу билан бирга, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари иштирокида амалга оширилаётган икки томонлама лойиҳаларнинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Айни пайтда Ўзбекистонлик кўплаб йигит-қизлар қўшни Қирғизистон республикасидаги олий даргоҳларда таълим олмоқдалар. Шу билан бир қаторда Қирғизистонлик ёшлар ҳам мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларида ўқимоқдалар. Иккала давлат олийгоҳларида илм олаётган ёшларни замонавий фан ютуқларини янада мукаммал эгаллашларига эришиш юзасидан Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари ректорлари форуми ҳам бўлди.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес-форумида 350 дан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Унда икки давлат раҳбарларининг самимий муносабатлари туфайли кўп қиррали азалий ўзбек-қирғиз ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.Айниқса, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилдан йилга ўсиб, 1 миллиард долларга етганлиги мамнуният билан эътироф этилди. Шунингдек, товар айирбошлашнинг бунданда ошишини таъминлаш учун тайёр тўқимачилик, сифатли озиқ-овқат, пластмасса, пойабзал, IT-хизматлари, ўғитлар, қурилиш материаллари, замонавий маиший техника жиҳозлари ва фармацевтика маҳсулотлари, қорамол ҳамда майда чорва моллари, кўмир, озиқ-овқат ва талабга эга бўлган бошқа товарларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш чораларини кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Айни дамларда икки давлат ўртасидаги инвестициялар ва саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорлик анча фаоллашди. Ҳозир Ўзбекистонда Қирғизистон капитали иштирокида 280 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Шу ва бошқа қўшма ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистон-Қирғизистон Тараққиёт жамғармаси катта роль ўйнайди, унинг портфели 186 миллион долларлик 33 та инвестиция лойиҳасини ўз ичига олади. Агар ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилса, икки халқнинг фаровонлиги ҳам кескин ошади. Ўнлаб аҳоли бандлиги таъминланади.

Дарвоқе, тадбир доирасидаги B2B ва G2B музокараларида ҳар томонлама сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, логистика марказини ташкил этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, геология-қидирув ва кўмир етказиб бериш, IT-хизматлари кўрсатиш, электротехника ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 20 та битим, меморандум ва савдо шартномалари имзолашга муваффақ бўлинди.

Қирғизистон Республикаси Президенти қадимий Хива шаҳридаги тарихий маданий обидаларни ҳам бориб кўрди. Бу ерда сақланаётган улкан ноёб меъморчилик маҳсули бўлган иморат ва уларда ишланган санъат асарларига юқори баҳо берди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг давлатимиз раҳбари таклифига биноан Ўзбекистонда ўтган давлат ташрифи ниҳоятда самарали бўлди.

Руиддин Раупов.
«Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+