Олий маълумотли бўлиш истагидаги ёшларга имкониятлар кўп

16.04.2021 13:04:30

Сўнгги йилларда баркамол авлод камолоти, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқаришга қаратилаётган эътибор ҳар қачонгиданда ортиб бормоқда. Хусусан, ўғил-қизларни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилмоқда.

Эътиборли томони шундаки, давлатимиз раҳбари ўз вазифасига киришган дастлабки кундан эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг ҳаётида улкан воқелик бўлган янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунни имзоладилар. Натижада, мазкур қонун ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Куни кеча Президентимиз раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларга берилган имтиёзлар эса ёшларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада ошириб, орзу ва мақсадлари сари олға интилишига асос бўлди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида 648 минг нафар ишсиз “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг биринчи чоракда 283 мингининг бандлиги таъминланганлиги, хусусан 175 минг нафар ёшга 45 минг гектар ер майдони ажратилганлигига ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 36 мингта қўшимча тўгарак ташкил этилиб, 874 мингга яқин ўғил-қиз жалб этилгани, “Беш муҳим ташаббус” доирасида таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига 97 мингта санъат ва спорт инвентари, компьютерлар, 562 мингта бадиий китоб етказиб берилганлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Аммо бу амалга оширилган ишлар ёшлар билан ишлаш масаласида этарли даражада самара бермаётганлиги, шу боисдан ёшлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга боғлиқ жараёнда ҳар бир раҳбар ўз муносабатини ўзгартириши лозимлиги таъкидланди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда мутасаддиларга ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича янги механизм жорий этиш борасида зарурий кўрсатма ва тавсиялар берилди. Шунингдек, бугунги кунда ёшларимиз дилидаги халқчил ташаббусларни амалга оширишга асос бўлувчи таклиф ва имтиёзларни маълум қилди.

Жумладан, 1 майдан бошлаб ёшларни ишга қабул қилган корхона ва компанияларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади. Шунингдек, 1 июндан бошлаб, “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади. Биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

“Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга 1 майдан бошлаб давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади. Ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади.

Бу каби имтиёзлар минглаб тадбиркорликка қизиқиши бўлган ёшларимизнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига ва юзлаб ўзи каби ёшларнинг бандлигини таъминлашга асос бўлиб хизмат қилади.

Эндиликда, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигитлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади. Барчамизга маълумки, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш ва Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этиб армияда хизмат қилиш, ҳар бир ўзбек ўғлонининг орзуси саналади.

Бугунги кунда соғлиғида шикояти бўлмасада минглаб ёшларимиз тўлов қобилиятига эга бўлмаганлиги боис ич-ичидан ўз Ватани олдидаги йигитлик бурчини адо этишдек, улкан бахтни истасада тўлов учун пул топиш мақсадида хорижда текин ишчи кучи бўлиб ишлашга мажбур бўлиб келаётган эди. Давлатимиз раҳбари томонидан бундай имтиёзнинг берилиши минглаб оилалар қалбига ёруғлик олиб кирди. Энди “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларимиз мамлакатимизда яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз бандлигини таъминлаши ва армия сафларида бўлиб ўз йигитлик бурчини адо этишлари мумкин бўлади.

2016-2021 йилларда олий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар сабаб олий маълумотли бўлиш истагида бўлган минглаб ёшларимизга янгидан-янги имкониятлар яратиб берилди. Хусусан, мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари сони 80 тадан 132 тага, талабаларнинг қабул квотаси эса 11 оиздан 25 фоизга ошди. Видеоселектор йиғилишида Президентимиз олий таълим соҳасида яна бир ташаббусни илгари сурдилар. Бугунги кунда олий таълим тизимида таҳсил олаётган 670 мингдан зиёд талабаларнинг 130 мингдан зиёди ижарада яшаб келаётганлиги ҳисобга олиниб, 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярмини давлат томонидан қоплаб бериш тизими йўлга қўйилишини маълум қилди. Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг улкан локомотиви бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида яхлит замонавий тизим яратилди. Галдаги вазифа эса биз каби барча даражадаги халқ вакиллари берилган имтиёзларни ўз вақтида амалга оширилишини доимий назорат қилиб, ёшларимизга ҳар жабҳада кўмакчи бўлишдан иборатдир.

 

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+