Олий таълим олий ўринга чиқадими?

19.06.2021 13:06:11

Бугунги ҳаётимизда олий маълумотли бўлиш қандайдир кучли эхтиёжга айлангандек, назаримда. Олий маълумотли деган тушунча кишилар қулоғида бошқачароқ жаранглаши ҳам бор гап. Сабаб нима? Жавоби оддий. Жамиятда турмуш шароитлари юксалгани сари инсонлар ҳам шунга яраша муносиб яшашни, яхши шароитларда меҳнат қилишни хоҳлагани боисдир.

Сўнгги йилларда олий таълимга давлатимиз томонидан жуда катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, охирги 3 йилда олий таълим муассасалари сони 65 тадан 117 тага етказилди, қабул ўринлари эса 66 мингдан 181 мингтага кўпайтирилди. Жорий йилда ҳам 1 минг 500 нафардан ортиқ абитуриент олий таълим даргоҳларига ҳужжат топшириши кўзда тутилмоқда. Қабул квоталар сони эса 13 фоизга оширилиши ҳақида маълумотлар бор. Бироқ ўқитиш сифат даражаси-чи?! Ушбу савол хануз очиқлигича қолмоқда ҳамда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 16 июнь куни ўтказилган видеоселектор мулоқотида ҳам айнан ушбу муаммо юзасидан мутасаддиларга аниқ ва муҳим топшириқлар юклатилди. Таълим сифатини юқори босқичга олиб чиқиш билан биргаликда мавжуд бюрократик ва коррупцион ҳолатларни бартараф этиш учун стратегик йўналишлар асосида кўрсатмалар берилди.

Тан олиб айтишимиз керакки, олий таълим соҳасида ўқитилаётган мутахассисликлар нима мақсадда ва қандай истиқболни кўзлаб ўқитилаётганлиги ҳақида на олий таълим вакиллари, на талабалар жўяли жавоб бера олади. Қотиб қолган тизимга мослашган ўқитувчилар ва талабалар балки бу ҳақда бош ҳам қотиришмас... Аксарият талабаларни бугунги кунда дипломли бўлиш қизиқтирмоқда. Ўз соҳасининг ҳақиқий мутахассиси бўлиш эмас. Амаллаб олийгоҳни битириб қўлга диплом олишса бўлгани. Йилдан йилга сон ошиб бораётгани билан сифат ўз натижасини бермаса, эртага мамлакатда дипломли ишсизлар  жамияти юзага келмаслигига ким кафолат бера олади?

Дарсликлар муаммоси ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Сув юзасида қалқиб кўриниб турган кўпикдек барчага аён. Айниқса, буни олий таълим даргоҳларини битириб чиқаётган талабалар жуда яхши билишади. Фанлар бўйича ўқув адабиётлари етарли эмас. Борлари ҳам бугунги замон талабига тўғри келмайди. Жуда ҳам эскирган, хатто ярим аср илгари чоп этилган қўлланмалар бугунги олий таълим даргоҳларига тўғри келадими?

Муаммолар бисёр. Уларни ҳал этиш эса сиз-у бизга боғлиқ. Тизим ўзгартирилгани билан одамлар ўзгармаса ҳам фойдаси йўқ.

Юқорида олий таълимда мақсадли ўқитиш ҳақида фикр келтирган эдим. Таъкидланганидек, бугунги кундаги 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Чунки олий таълим билан ишлаб чиқариш ўртасида алоқалар ўрнатилмаган. Корхона ва ташкилотлар талаб ва таклифи асосида ўқитиш юзага келгандагина керакли мутахассислар пайдо бўлади ва доимий ўз иш ўринларига эга бўлади.

Аммо бугунги ҳолатимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак университет ва институтларда ўқиётган талабалар ўқишни тамомлаб қаерга бориб ишлашни билмайди. Чунки таълим бозор  иқтисодиёти талабларига мос қилиб тузилмаган.

Бу эса яна ўша биз билган коррупция, таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик қоидаларининг мустаҳкам давом этишига олиб келаверади.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+