Олмазорнинг адолатли қайноналари тақдирланди

02.07.2021 20:07:20

Жамиятда бугунги асосий муаммолардан бири оиладаги келишмовчиликлар ва ажримлар сонининг кўпаяётганлигидир. Ўзбек оиласида қайноналарнинг роли катта. Шу сабаб уларнинг оқилона тутган ҳар бир тутуми оилалар мустаҳкамлигида асосий рол ўйнайди.

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан мунтазам равишда турли хил тадбирлар, танловлар ташкил этилиб келинмоқда. “Адолатли қайнона” республика кўрик-танлови шулардан биридир. Олмазор туман Саломатлик марказида ўтказилган танловнинг туман босқичи бу гал ҳам  кўтаринки руҳда ўтказилди. 

“Юқори Бешқўрғон” ҳамда “Мойариқ” маҳаллалари кўрсатмаларига биноан танловга тавсия этилган уч нафар қайнона туман босқичида иштирок этди. Иштирокчилар бир-биридан қизғин учта шарт асосида беллашдилар. Керакли мутахассислардан тузилган ҳакамлар ҳайъати улар бажарган шартлар асосида иштирокчиларни баҳолаб бордилар.

 

Танловда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов иштирок этиб, тадбир аввалини кириш сўзлари билан бошлаб берди. Шунингдек, партия фаоллари, депутатлар, маҳалла аҳли вакиллари, саломатлик маркази ходимлари ҳамда кўплаб қизиқувчи томошабинлар иштирок этди.

Таништирув, иштирокчиларнинг оиладаги қайноналик ролини синаш ҳамда  ижтимоий билимларини аниқлаш мақсадида тузилган савол-жавоблар ҳамда эркин мавзудаги саҳна кўринишлари-ю, шеър, қўшиқ, рақс ва ашулалар барча иштирокчиларда бирдек қизиқиш уйғота олди.

Шунингдек, тадбир давомида ташкилотчилардан бўлган Саломатлик маркази томонидан соғлик учун фойдали бўлган енгил тамадди ҳамда фитнес, соғломлаштириш машқлари намойиш этилди. Бу эса тадбирга ўзгача кайфият ва руҳ олиб кириб, барчани ўз организми, соғлигига эътиборини кучайтиришга ундади.

Якунда ҳакамлар ҳайъати томонидан натижавий баллар эълон қилиниб, ғолиблар аниқланди.

Учинчи ўрин Манзура Усмонова, иккинчи ўрин Захро Пўлатова ҳамда биринчи ўринни Ҳурматой Алимова қўлга киритди.

Ғолибларга Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг дипломлари, олтин, кумуш, бронза медаллари ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан эса биринчи ўрин соҳибасига махсус совға тақдим этилди ҳамда танловнинг кейинги - шаҳар босқичига йўлланма олди.

 

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+