Оммавий ахборот воситалари партия эътиборида

26.06.2024 15:06:23

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан, бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Марказий аппаратида ўзининг юқори салоҳияти ва профессионал маҳорати билан жамиятда холислик, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида фаол меҳнат қилаётган ОАВ вакилларини табриклаш ва тақдирлашга бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова тадбирни кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда мамлакатимизда соҳа ходимларига яратилаётган кенг имкониятлар, матбуот ходимларининг жамиятимиз ривожида тутган ўрни ҳақида сўз юритаркан, техника асрига айланган айни замонамизда ҳаётимизни бир дақиқа бўлса ҳам информацияларсиз, матбуотсиз тасаввур этиб бўлмаслиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Қолаверса, соҳа вакилларининг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, жойларда фуқароларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммо-камчиликларни холис, тезкор ва адолатли ёритиш орқали мутасаддиларнинг масъулиятини оширишдаги ўрни ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлиги таъкидланди.

Партия етакчиси юртимизда кечаётган ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларни жамоатчиликка холис ва ҳаққоний етказиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган матбуот ходимларини табриклаб, ҳалол меҳнати, юксак касбий маҳорати ва танлаган ишига содиқ ҳамда фидойиликлари учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда оммавий ахборот воситаларини тўлақонли қўллаб-қувватлаш ва янада ривожланишига ҳисса қўшиш бундан буён ҳам Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолиши таъкидланиб, соҳада самарали фаолият олиб бораётган бир қатор ОАВлар ходимлари партия томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрамона шукуҳ ва самимий давра суҳбати асносида давом этган тадбир жараёнида партия вакиллари ва журналистлар юртимиздаги янгиланишлар, партия ғояларининг амалиётга кенг татбиқ этилаётгани, шунингдек, замонавий ахборот медиамаконида кузатилаётган тенденциялар хусусида ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбир якунида журналист ва блогерлар келгусида ҳам адолат ва қонун устуворлиги йўлида партия билан биргаликда ишлашга тайёр эканликларини изҳор этиш билан биргаликда соҳа ходимларига кўрсатилаётган эътибор учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+