“Онлайн патронаж” доимо “онлайн”ми?

21.08.2021 10:08:32

 

Юртимизда сўнгги вақтларда патронаж хизмати кенг йўлга қўйилиб, бу тизимга ахборот-технологиялари ҳам кириб келди. Кейинги пайтда тиббиёт ходимлари орасида “онлайн-патронаж” деган сўзни тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик.

Биласизки, патронаж хизматида уйингизга ҳамшира кириб келиб, хонадон аъзолари билан суҳбат қилиб, саломатлигингиз ҳақида саволлар билан мурожаат қилади. Тўғри овқатланиш, мушак ва қон айланиши бўйича фойдали маслаҳатларни айтади. Касаллик хавфи бор беморни эса зудлик билан поликлиникага мурожаат этишга ундаб, у ҳақида батафсил маълумотларни ёзиб олади.

“Онлайн-патронаж” тизимида эса олинган барча маълумотларни ҳамшира электрон вариантини ҳосил қилиб, шифокорга йўллайдиган ҳисоботига айтилади. Патронаж хизмати жараёнида қайси хонадонда ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар, янги фарзанд кўрган аёллар ва парваришга муҳтож ёлғиз қария, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахслар борлиги ва уларга  уй шароитида  қандай тиббий хизмат кўрсатиш зарурлиги аниқлаштирилади. Бу аслини олганда, аҳоли саломатлиги ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлида бирламчи, самарали ва қулай тизим.

Аммо...

Ҳамма гап мана шу аммода! Ижтимоий тармоқларда патронаж ходимлари  ҳисоботбозликдан чарчаганлиги, давлатимиз раҳбаридан компьютерчи штат бирлиги қўшиб  беришларини сўраб мурожаат қилганлиги тўғрисида хабар тарқалди.

 Шу сабаб ва анчадан буён тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашиш жараёнида бу масалалага эътибор қаратиб келаётганимиз учун яна бир бор мазкур мавзуга мурожаат қилишга тўғри келди. Шу муносабат билан соҳа ҳодимлари билан яқиндан мулоқот қилдик.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда патронаж хизмати тубдан модернизация қилиниб, ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда, моддий база яхшиланаяпти. Сабаби касалликни даволаш эмас, олдини олиш – хасталикка сабаб бўлувчи омилни олдиндан аниқлаб, бартараф этиш механизмини йўлга қўйиш талаб этилмоқда. Патронаж-ҳамшира туфайли   касалликларни профилактика қилиш билан бирга, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш имкони ҳам пайдо бўлади.

Бироқ патронаж-ҳамширалар учун етарлича шароит яратилмоқдами? Тиббиёт ходимлари билан суҳбат жараёнида қуйидаги муаммолар уларни қийнаб келаётганлигини билиб олдик. Жойлардаги ҚВП ва қишлоқ оилавий поликлиникаларида ҳамширалар учун энг аввало моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ўта зарур. Агар ҳамширалар бир кунда 10-20 хонадонни айланиб чиқиб, тўплаган маълумотларини электрон базасини шакллантириши ҳисобга олинса, албатта, қўшимча вақт, меҳнат ва техника талаб этилади.  Дейлик, ҚВП да 10 нафар ҳамшира фаолият юритса, улардан 5 нафаригина телефон (планшет) билан таъминланган бўлса-чи?! У ҳолда қолган 5 нафар ҳамшира ҚВПдаги битта компьютерга тикилишига ёки тезроқ натижага эришиш учун пулли компьютер хизматига мурожаат қилишига тўғри келади.

Баъзида бу телефонларни молиявий масаласи ҳам муаммо – молиялашнинг кечикиши, маблағнинг етарли бўлмаслиги каби. Натижада ҳисоботларни ўз вақтида ва батафсил узатишда муаммолар келиб чиқиши аниқ. Қишлоқ жойларда ўрта-тиббиёт ходимлари етарли эмаслиги ҳам яна бир муаммоли масала.

Коронавирусга қарши эмлаш жараёни кетаётганлиги ва уларнинг ҳам электрон базаси шакллантирилаётганлиги ҳисобга олганда бирламчи бўғин ходимларининг зиммасига улкан масъулият юкламоқда. Бу эса соҳада рақамлаштириш жараёнини тезлатиш ва сифатини ошириш зарурлигини англатади. Айниқса, ҳар бир ҚОП ва ҚВПларда бир нафардан IT оператор –ҳамшира лавозимини тезроқ жорий қилиш зарурияти мавжуд.

Бир сўз билан айтганда, бирламчи бўғинни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш рақамлаштириш жараёнини тезлаштиришни тақозо этмоқда. Ана шундагина соҳа ривожланишининг яқин ва узоқ истиқболини тўғри белгилаш, шу орқали аҳолини тиббий патронаж билан 100 фоиз қамраб олиш ҳақида бемалол гапирсак бўлади.

 

Гулнора АҲМЕДОВА,

 Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+