Оқилона ташқи сиёсат - тинчлик гарови

16.07.2021 20:07:35

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 15−16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Форумнинг асосий мақсади Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида мустаҳкамлашдан иборат.

Конференция ишида Ўзбекистон Президенти, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институт ва компаниялар, етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказларнинг раҳбарлари иштирок этиши режалаштирилган.

Хусусан конференция доирасидаги учрашувларнинг бирида Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Имрон Хон ўртасида тор ва кенгайтирилган тартибда музокаралар ўтказилди. Ушбу музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Имрон Хон Ўзбекистон билан Покистон ўртасида стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.

Ташриф доирасида имзоланган 8 та ҳужжат алмашилди. Транзит ва савдо тўғрисидаги ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари ва сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартибларини соддалаштириш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар улар орасида алоҳида аҳамиятга эга.   

Таъкидлаш керакки, мазкур конференциядаги иштирокимиз давлатимизнинг савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ёрдам беради. Конференция натижасида иштирокчи давлатлар орасида ўзаро минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга имкон яратилиши кутилмоқда.

Хусусан, Покистон бош вазири Имрон Хон ва юртбошимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашувда транзит ва савдо тўғрисидаги ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари ва сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартибларини соддалаштириш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Чунки, туризм соҳаси қанчалик ривожланса, юртимизнинг иқтисодий ривожланишига шунчалик ёрдам беради. Бундан ташқари, ушбу конференцияда Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни самарали ва хавфсиз боғлайдиган транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Термиз—Мозори Шариф— Кобул—Пешовар темирйўлининг қурилиши бу архитектурада муҳим бўғин бўлади. У икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла юзага чиқариб, юк ташиш масофаси ва вақтини анча қисқартиради, товар айирбошлаш билан боғлиқ ҳаражатларни камайтиради. Шу боисдан ҳам бу лойиҳа иштирокчи давлатлар ва халқаро молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, Юртбошимиз олиб бораётган ташқи сиёсат хорижий ва қўшни давлатлар билан ўзаро алоқаларни яхшилабгина қолмасдан давлатимизнинг ривожланишига ҳамда энг асосийси, тинч бўлишига бевосита хизмат қилади.

 

Рустам РАВШАНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+