Ўқитувчи ўз ҳамкасбини урса...

04.05.2021 11:05:02

Бугун Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир аёл, чин маънода, бахтли. Зеро, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар билан кафолатланган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ўнлаб қонунлар, саксонга яқин фармон ва қарорлар, давлат дастурлари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқатилган қуйидаги хабар кўпчиликнинг диққат- эътиборини тортди.

Касби тумани марказидан қарийб  80 километр олисда  жойлашган Чўлқувар қишлоғида жойлашган  50-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Лобар Эргашеванинг ўз ҳамкасби  томонидан  калтакланиши барчани ўйлантиришга мажбур этди. Машғулот  ўтаётган Лобар Эргашева тартибсизлик қилаётган ўз синфидаги ўқувчига танбеҳ беради. Дарс тугаб бошқа синфга машғулот олиб бораётган Лобар Эргашевани танбеҳ берган ўқувчисининг онаси, яъни у ҳам шу илм маскани ўқитувчиси бўла туриб, туҳмат қилиб, “Ўғлимни нега урдинг?” деб кўпчиликни кўз олдида уради. Энг ачинарли томони шундаки,  Лобар Эргашеванинг ҳомиладор эканлигини уни калтаклаган  ҳамкасби била туриб шу ишни қилган. Маълум бўлишича, воқеа 26 апрель куни содир бўлган. Калтакланганини айтган ўқитувчининг оёқ ва қўл билакларига тан жароҳати етказилган.

Бугун аёлларнинг сиёсат майдонида, иқтисодиёт, саноат тармоқларида, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида, умуман, барча жабҳада фаоллиги ортиб бораётган бир вақтда, афсуски, сўнгги пайтларда аёлларни хўрлаш, камситиш ҳолатлари кузатилаяпти. Арзимас баҳоналар  билан бир бирларининг дилларини хуфтон қилишлари дину диёнатимизга тўғри келмайди. 

Хулоса қилиб айтганда, биз ўзлигимиздан, маънавиятимиздан, миллий қадриятларимиздан қанчалик узоқлашиб бораверсак, бошимизга шунча кулфатлар ёғилаверади. Шу маънода наслимиз давомчиларини таҳқирласак, ўзимизга, келажагимизга зулм қилган, ўзимиз ўтирган дарахт шохини ўзимиз кесган бўламиз.

Шундай экан, аёл зотини таҳқирлаш эмас, унга эҳтиром кўрсатиш олий мақсадимиз бўлиши керак. Зеро, мунис оналаримиз, муҳтарама опа-сингилларимиз, муаллима устозларимиз ҳаётимизнинг кўрки, умримизнинг мазмунидир. Шундай эмасми азизлар?!

  

                                             Бобур ЮСУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Касби

туман Кенгаши раиси

                                     

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+