Ўқитувчига қўл кўтардингми?!

13.04.2021 18:04:09

Халқимизда устоз отангдан  улуғ деган пурмаъно нақл бор. Шарқона тарбия кўрган одамлар устознинг ўгитлари, панду-насиҳатларига амал қилиб ўз шахсий камолотига эришадилар. Устоз томонидан берилган дакки ёки танбеҳлар аввало шогирднинг хатолардан холи бўлиб тўғри йўлда бўлишини таъминлайди.

Аммо афсуски орамизда ана шундай минг йиллик қадриятларни унутиб қўяётганлар ҳам тез-тез учраб турибди. Воқеа Чироқчи туманинг “Умакай” МФЙда жойлашган 134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Ш. Оққузиев ўзининг шу мактаб ўқувчиси М.О га “2” баҳо қўйганлиги сабабли мактаб ўқувчиси М.О ушбу ҳолатни акаси Х.Б га айтган. Х.Б шу куни соат 12:00 да икки таниши билан мактабга келиб, инглиз тили фани ўқитувчиси Ш. Оққузиевнинг ҳаракатидан норози бўлиб, мактаб ҳудудида Ш. Оққузиевга тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича туман ИИО ФМБ навбатчилик қисмидан белгиланган тартибда қайд этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Туман халқ таълими бўлими раҳбари  Ўзбекистон “Адолат” СДП  Халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгаши депутати Фарҳод Жуманов томонидан воқеа ўрганилиб, мактаб раҳбарларининг эътиборсизлиги ва қўйган камчиликлари тегишли тартибда тушунтирилди. Мактаб раҳбарияти хатоларни тан олиб, мактабда соғлом муҳит ярата олмаганлиги, мактабдаги маънавий жараёнда  аниқланган камчиликларга кўра мактаб директори, маънавий-маърифий  ишлар бўйича директор ўринбосари, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ўз лавозимидан озод қилинди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам устозга беҳурматлик қилиш маънавиятсизлик белгиси бўлиб келган. Ўқитувчи қалб меъмори ҳисобланаркан, унинг бугунги танбеҳи эртага ижобий наф беришини ҳаётнинг ўзи жуда кўп бор исботлаган.

 

 

Собир Ахмедов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Чироқчи туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+