Ўқувчилар қачонгача лой ва чанг кўчалардан мактабга қатнашади?

05.12.2022 12:12:58

Жорий йилнинг 25-30 ноябрь кунлари халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш мақсадида ўз сайлов округимда бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказдим.

Сайловчилар билан бу сафарги учрашувларимизда асосан аҳолининг кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар, уларни бартараф қилишнинг ўзига хос ечимлари юзасидан самимий мулоқотлар кўп бўлди.

Суҳбатларда кейинги йилларда ҳудудларда аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга, улар билан яқиндан мулоқот қилишга қаратилаётган эътибор ортиб бораётганидан мамнун эканликларини билдираётганлар билан бирга, ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам талайгина эканлиги бўйича эътирозлар ҳам қайд этилди.

Таажжубки, давлат бюджети маблағлари ажратилган бўлишига қарамай, айрим масъулларнинг ўз ишига нисбатан совуққон муносабати туфайли маблағлар ўринли ўзлаштирилмагани ёки кўзбўямачиликка йўл қўйилган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Масалан, Сардоба тумани маркази ҳисобланмиш Пахтаобод шаҳарчаси, “Файзлиобод” маҳалласидаги Маърифат кўчасини 2022 йилда бетонлаштириш бўйича маблағлар ажратилган бўлишига қарамай, жойига бориб ўрганганимизда лой кўчаларга ботиб қолдик. Бундан ташқари, кўчада на чироқ борли, на яроқли электр симини топа олдик.

Шу кўчада яшайдиган Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси Холмўмин Шукуровдан ҳол-аҳвол сўраб, хонадонига ҳам кирдик. 90 ёшдан ошган устоз кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этган ҳолда ўзлари яшаётган лойли кўчада мактабга билим олиш учун борадиган ўқувчиларга ачинишини ва яқин истиқболда бу камчиликлар бартараф этилишига ишонч билдирди.

Аҳолининг ҳалқ эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларни ҳал этиш юзасидан Сардоба туманига янги сайланган ҳоким А. Мирзаев билан суҳбат ўтказилди ва натижада йил якунига қадар тумандаги айрим муаммолар бартараф этиладиган бўлди.

Тан олиш керак, учрашувлар давомида ҳудудларда муаммолар билан биргаликда ютуқлар ва янгиликлар ҳам кам эмаслигига гувоҳ бўлдик. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сардоба туманида 20 мингга яқин кўчат экилиб, тутзорлар яратилаётганини кўрдик ва ҳатто, кўчатларни экишга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилдик.

Албатта, ҳудудларда сайловчилар билан доимий мулоқот ўрнатиш, жойлардаги тизимли муамоларни депутатлар томонидан аниқлаш ва уларни баратараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришга замин яратади.

Нодира ЖОНИБЕКОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+