Органик маҳсулотлар мамлакатда муносиб ўрин эгаллаши учун ҳуқуқий асос яратилди

19.05.2022 10:05:34

Яқинда (2022 йил 25 апрелда) Президентимиз “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Бу республикамиз аграр соҳаси, умуман, иқтисодиётимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган воқеликдир.

Маълумотларга кўра, дунёда 2019 йилда органик қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 млрд еврони ташкил этган. 71,5 млн гектар майдонда 2,8 млн ишлаб чиқарувчи мазкур фаолият билан шуғулланган. Экспертларнинг айтишича, дунё органик маҳсулотлари бозори 2016 йилдан бошлаб ҳар йили ўртача 15 фоиздан ўсаяпти.  2022 йил якунида унинг савдо айланмаси 212 млрд долларни (жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 20 фоизи) ташкил этиши башорат қилинаяпти.

Бу борада мамлакатимиз ҳам катта салоҳиятга эга. Органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти (FiBL) ва Органик қишлоқ хўжалиги ҳаракати халқаро федерацияси (IFOAM)нинг жаҳон органик қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича 2019 йилдаги нашрида Ўзбекистон Республикаси мева етиштириш бўйича қулай шароитга эга ва  дунёдаги 10 та давлат қаторига киритилган ва юртимизда органик мева ишлаб чиқариш учун қулай ер майдонлари кўплиги қайд этилган.

Эътиборлиси, бундай амалиёт қишлоқ хўжалигимиз учун янгилик эмас. Мамлакатимизда асрлар давомида шаклланган анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик тамойилларига асосланган. Бу услуб эса озуқавий қиймати юқори, ўзига хос таъмга эга  органик (экологик тоза) мева ва сабзавотларни етиштириш имконини беради. Бу анъаналар ҳозир ҳам кенг қўлланилиб келинади. Масалан, республикамизда фаолият юритувчи “Sunny Fruit Production” хусусий корхонаси  2017–2019 йилларда жами 1 минг 848 тонна органик майиз етиштириб, анъанавий майизга нисбатан 14,7 фоиз қимматроқ нархда Россия Федерацияси, Франция, Германия, Голландия, Италия ва Грецияга экспорт қилган.

Органик қишлоқ хўжалиги ердан фойдаланиш ёки деҳқончиликда: атроф-муҳитга зарар келтирадиган кимёвий воситалардан  фойдаланмасдан биологик хилма-хилликни асрайдиган экологик циклларга асосланиш ва маҳаллий шароитларга эътибор қаратиш бўйича қабул қилинган, агроэкотизимни санитария ҳолатини яхшилайдиган, тупроқ унумдорлигини оширадиган, инсонлар саломатлигини муҳофаза қиладиган ишлаб чиқаришни бошқаришни ягона тизимидир.

Органик қишлоқ хўжалиги ўсимликшунослик, чорвачилик, паррандачилик, ўрмон хўжалиги, асаларичилик, балиқчилик соҳаларида қўлланилади. 

Интенсив агротехнологиялар  ва ерларга ишлов бериш усуллари тупроқнинг табиий унумдорлиги ва тузилишига, атроф-муҳитга, мавжуд флора ва фаунага жиддий зарар етказади. Органик қишлоқ хўжалиги эса тупроқни муҳофазаловчи деҳқончилик(нолга тенг ишлов бериш, алмашлаб экиш, мулчалаш ва яшил ўғитлаш каби усулларни ривожлантириш)ни жадаллаштиради.

Замонавий қишлоқ хўжалигида синтетик ўғитлар, пестицидлар, ГМО, консервантлар ва қўшимчалардани фойдаланилади. Органик қишлоқ хўжалиги эса, буларни барчасин рад этади ва гўнг, компост, яшил ўғит ва ўсимликларни ҳимоя қилишнинг биологик усулларидан фойдаланади.

Зарарли технологик - ишлаб чиқариш (маъдан ўғитлар, синтетик материаллар ва агрохимикатлар) ер ва сув ресурсларини, тупроқлар  ва атмосферани ифлослантиради ва экотизимни емирилишига олиб келади. Органик қишлоқ хўжалигида эса, синтетик материаллардан фойдаланилмайди.

Анъанавий қишлоқ хўжалиги чанглатувчилар билан кооперацияси фаоллашмаган. Асаларичилик қишлоқ хўжалиги ва бошқа экинларни яхши чангаланишига имкон яратади, яъни ўз вақтида чанглатиш маҳсулотлар ҳосилдорлиги ва сифатини оширади ҳамда ёввойи чангловчилар яшаши учун шароитларни сақлайди, яратади.

Маъдан ўғитларни ва агрохимикатларни ҳаддан ташқари, кўп қўллаш тупроқ ва атроф-муҳит учун ҳалокатлидир. Биоўғитлар - биогаз технологиялари маҳсулоти. Бу тупроқ унумдорлиги ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини биологик ошириш усулидан биридир.

Эгатлаб суғориш – шўрланиш, емирилиш ва қишлоқ хўжалиги ерлари айланмасидан чиқиши сабабчисидир. Томчилатиб суғориш эса  -  суғоришнинг мукаммал техникаси бўлиб, табиий ва иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланиш усулидир.

Органик қишлоқ хўжалигининг экотизимга ижобий таъсири.

Тупроқ. Тупроқ тикловчи тажрибалар (алмашлаб экиш, қатор орасига экиш, экинларни аралаштириб экиш, органик ўғитлаш ва  тупроққа нолга тенг ишлов бериш)  - органик қишлоқ хўжаликнинг тупроқдаги микроорганизмларни ривожлантириш, унумдорликни ошириш, тупроқ таркибини яхшилаш ва тизимнинг барқарорлигини таъминловчи асосий воситадир.

Биохилма-хиллик. Органик фермерлар барча даражалардаги: генлар; турлар даражаси; экотизим даражасидаги биохилма-хилликни ҳимоя қилувчилари ва хизматларидан фойдаланувчилар ҳисобланади. Органик қишлоқ хўжалиги юритишнинг бошқа турларига нисбатан юқори биохилма-хилликни сақлайди ва ишлаб чиқаради.

Ҳаво ва иқлимнинг ўзгариши. Органик қишлоқ хўжалиги механизациялаш ва агрохимиявий истеъмолини қисқартириш йўли билан қайта тикланмайдиган энергия манбаларидан фойдаланишни қисқартиради ва тупроқдаги углерод тўпланишига ёрдам беради.

Узоқ муддатли барқарорлик. Ўрта ва узоқ муддатли агротизимли қишлоқ хўжалигини киритилишидир. Тупроқ унумдорлиги ёки заракунандалар билан курашиш муаммоларини бартараф қилиш учун экологик мувозанат ўрнатилган озиқ-овқат ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Сув. Агрохимикатлардан фойдаланишни тақиқлаш натижасида сувлар ифлосланмайди. Тупроқ таркибини яхшилаш сувнинг табиий тозаланишига имкон туғдиради. Органик қишлоқ хўжалигини тикловчи тадбир сифатида жорий қилиш тавсия этилади.

Генетик модификацияланган организмлар. Органик тизимларда ГМО фойдаланишга органик озиқ-овқат ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ёки ишлов беришнинг барча босқичларида йўл қўйилмайди. Маҳсулотни органик ёрлиғи ишлаб чиқариш жараёнида ГМОдан фойдаланилмаганлигини кафолатлайди.

Экологик хизмат. Тупроқ ташкил қилишни, меъёрлашни ва тўйинтиришни, тупроқ барқарорлигини, чиқиндиларни қайта ишлашни, углерод тўпланишини, озиқа моддалари айланмасини, чангланишни ва атроф-муҳит муҳофазасини яхшилашдир.

Мамлакатимизда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун зарур шарт-шароит мавжуд.  Кимёвий моддалардан ҳоли экин майдонлари мавжудлиги, томорқа хўжаликларида етиштирилган органик маҳсулотларни экспорт қилиш орқали аҳоли даромадини ошириш, бу йўналишда агрокластер, логистика ва кооперация тизимларини ривожлантириш ёрдамида аҳоли бандлигини ошириш шулар жумласидан. Шунингдек, лабораториялар, назорат ва сертификатлаштириш тизимларини такомиллаштириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини таҳлил қилиш имконияти ҳам бор.

Яқинда кучга кирган қонун соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш орқали мавжуд салоҳиятдан унумли, оқилона  фойдаланиш  имконини беради.

Қонун, энг аввало, органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда соҳа фаолиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосини яратилишига имкон беради.

Иккинчидан, аграр ишлаб чиқаришда бозор муносабатларини ташкил этишнинг ишончли ва истиқболли шакли ҳисобланган органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизими янада ривожланишига йўл очади.

Учинчидан, органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизимида тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан, ишлаб чиқарувчидан якуний истеъмолчигача бўлган тизимни такомиллаштириш имконини яратади.

Тўртинчидан, ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва географиясини кенгайтириш билан бир қаторда фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли даромадини ошириш учун зарур шарт-шароитни вужудга келтиради.

Бешинчидан, юқори сифатли экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳажмининг ортиши ва натижада атроф-муҳитга, инсонлар саломатлигига салбий таъсирлар камайишига олиб келади.

Шу ўринда, “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги қонунни қўллашга оид бир мисол келтирамиз. Ўзбекистон “Адолат” СДП “Инновация ва муқобил энергетика тарғиботи маркази” билан “UZBIOGAZ” МЧЖ корхонаси ҳамкорлигида чиқиндини қайта ишлаш, ундан биогаз ва биоўғит олиш технологиясини қўллашда инновацион  биогаз қурилмаси ва лойиҳалар яратилиб, кенг жорий қилина бошланган.  Жумладан, шундай қурилмалар хонадонлар ва фермер хўжаликларига мўлжаллаган вариантлари тайёрланиб, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё ва бошқа вилоятларда ўрнатиб ишга тушириб берилди ёки қурилмоқда.  Ушбу технологияларни қўллашга айрим қонуний талабларда аниқликлар мавжуд эмас эди. Мана энди исталган биогаз лойиҳаларини жорий этишда таянадиган қонуний ҳужжат мавжуд, фақат унга амал қилиб, ижро этиш талаб этилади.

 

Эндиликда мамлакатимизда органик қишлоқ хўжалигидан кенг фойдаланиб, биоэнергетика ривожлантирилса (К.Шадиметов. “Ўзбекистонда биоэнергетикани инновацион ривожланиши” 40-41б, https://minenergy.uz/uploads/cf68940e-afc5-b32a-9baa-0cf08dcfeb8f_media_.pdf, https://adolat.uz/news/, bioenergetika-ananavij-energiya-manbalarining-muqobili) қуйидагиларга  имкон беради:

  • Бошқа ёқилғисиз қўшимча энергия ишлаб чиқариш;
  • Қишлоқ аҳолисини турмуш даражаси ва бандлигини яхшилаш;
  • Биогаз ва биоўғитдан фойдаланиб, янги иссиқхона (теплица) ларни кўпайтириш;
  • Биоэнергетикадан кенг фойдаланиш асосида мақсадли янги ишлаб чиқаришларни яратишни кўпайтириш;
  • Атроф-муҳит ва ер-сувни ифлосланиш даражасини маълум даражада пасайтириш;
  • Органик биоўғитдан фойдаланиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари - сабзовот ва меваларнинг сифати, унумдорлиги ва ҳосилдорлиги яхшилаш мумкин.
  • Биоэнергия ишлаб чиқариш соҳасига кенг инвестиция киритиш имконияти пайдо бўлади.
  • Қишлоқ ерларининг агротехник ҳолатини яхшиланади.

Экологик-иқтисодий самарадорлиги. Уни қуйидаги мезонларда биогаз технологияларидан чорвачилик чиқиндиларидан фойдаланилганда баҳолаш мақсадга мувофиқ:

а) ёқилғи сифатида – ҳисоб-китоб харажатларига кўра, нархи бўйича анънавий ёқилғиларга рақобатлаша олиши;

б) шламдан фойдаланиш - фаол таркибини ташкил этадиган азот аммонийси ва ўғит ёки озуқадаги протеин (оқсил моддалар) миқдори ва нархига кўра, баъзи минерал ўғит ёки озуқа маҳсулотлари билан рақобатбардошлиги;

в) табиатни асраш самарадорлиги - тупроқ ва сувнинг кимёвий ва бактериялар билан зарарланишини камайишида;

г) ҳавони ифлосланишини камайиши - анъанавий ёқилғиларни биогазга алмаштирганда атмосферага чиқитларнинг ҳисоб-китоб йўли билан камайиши;

д) биогаз ишлаб чиқаришни иқтисодий самарадорлигини оширишни ташкил этиш учун, энг аввало чорвачилик ва паррандачиликни бу юқори тармоқлар бир жойда жойлашиши (концентрация) зарур.

Ўз навбатида бизнинг чорвачилик комплекслари ва йирик паррандачилик фабрикаларини эксплуатация қилиш тажрибаларидан, шу маълумки, улар юқори иқтисодий самарадорликка асосланган. Аммо, бу йирик корхоналар, атрофидаги табиатни биоген элементлар, токсик моддалар, инфекция тарқатувчи касалликлар билан кучли ифлослантирувчи манбага айланган.

Шу билан бирга, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, республикада кўпгина фермер ва деҳқон хўжаликлари гўнг ва чиқиндилардан саводсизларча фойдаланмоқдалар, янги гўнгларни, ҳатто инсон фекалини далаларига органик ўғит сифатида, юқори ҳосил олиш учун  назоратсиз сочмоқда. Гўнг сақлагичлар (навозохранилища)да гидроизоляцияси ёмон ҳолатда, қўллаш усуллари экотизимнинг мувозанатига мос келмай, бузиб, инсон ва ҳайвонларнинг соғлиғига хавф солмоқда. Гўнгда инсон учун хавфли касалликлар сальмонеллез, аскаридоз, ошқозон-ичак инфекциялари бўлиши мумкин.

Шунинг учун ҳар бир одам табиат ресурсларини асраб-авайлашни яхши билиши ва қонунга амал қилиши шарт – бу келажак учун ғамхўрликдир.

Хулоса қилиб айтганда, органик маҳсулотлар етиштиришнинг асосий принциплари, бу соҳани давлат томонидан тартибга солиш қоидалари, унинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолияти кафолатлари ўз аксини топган мазкур қонун органик маҳсулотлар жаҳон бозорида мамлакатимизнинг муносиб ўринга эга бўлиши, халқимиз   фаровонлиги юксалишига хизмат қилади.

Шадиметов камолжон

и. ф.н.,Халқаро Экология инсон ва табиат

хавфсизлиги фанлари Академияси ҳақиқий аъзоси,  академик,

Ўзбекистон “Адолат” СДП “Инновация ва муқобил

энергетика тарғиботи маркази” раҳбари,

Ўзбекистон “Адолат СДП Фахрийлар Кенгаши раиси,

«Ўзбекистон Республикасида хизмат

 кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими»

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+