Ўрганиш ишлари сессия қарори билан амалиётга йўналтирилди

05.06.2021 18:06:27

Аввал ҳабар берганимиздек, Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан  “Соғлом турмуш йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида  умум ўрта таълим мактабларда ва мактабгача таълим ташкилотларида  ўқувчилар ва тарбияланавчилар орасида  ясситовонлик ва сколиоз касалликлари юзасидан  олиб борилган ўрганиш ишлари  сессия кун тартибида муҳокама этилиб, амалиётга йўналтирилиб, муаммоларнинг олди олинмоқда.

Хусусан,  Урганч  туман Кенгаши сессиясида партиянинг Урганч туман Кенгаши депутатлик гуруҳи  томонидан туманда  фаолият олиб бораётган мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида  ёшларда келиб чиқаётган  мазкур касалликларнинг келиб чиқишининг олдини олиш ва ушбу касалликка чалинган  ёшларни соғломлаштириш  масаласи илгари сурилди. Олиб борилган ўрганиш ишлари  натижалари юзасидан   Халқ депутатлари Урганч туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Дилдора Искандарованинг ахбороти тингланди.

Шундан сўнг  кун тартибидаги масала юзасидан қарор  лойиҳаси  ўқиб эшиттирилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Урганч туман Кенгаши депутатлик  гуруҳи томонидан “Умумий ўрта таълим мактабларида ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида  ясси оёқлик ва сколиоз касалликлари билан боғлиқ  муаммоларни ўрганиш натижалари тўғрисида”ги  туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Д.Искандарованинг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

5 кун муддатда  мазкур касалликларни келиб чиқиш сабаблари  ва уни бартараф этиш чоралари бўйича аҳоли ўртасида тушинтириш тарғибот тадбирлари режасини ишлаб чиқиш ва тарғибот тадбирларини амалга ошириш туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи М.Аллаберганов зиммасига юклатилди.

Умум ўрта таълим мактабларида ва мактабгача таълим ташкилотларида  жисмоний тарбия ўтказиладиган  махсус хоналар ажратиш ва уларни маҳсус  аппаратлар билан таъминлаш ишлари  ясситовонлик ва сколиоз касаллиги ташхиси қўйилган болалар учун доимий равишда махсус жисмоний тарбия машғулотлари ўтказилишини назоратга олиш мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида санитар норма талабларига тўлиқ жавоб берадиган столлар билан таъминлаш чораларини  кўриш туман Халқ таълими бўлими раҳбари О.Абдураҳимовга ҳамда  туман мактабгача таълим ташкилоти раҳбари О.Пирназаровлар зиммасига юклатилди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари,   барча депутатлар ўз округларида  ясситовонлик ва сколиоз касалликларини олдини олиш бўйича ишларни қатъий назоратга олиш ва ҳар олти ойда ушбу масала бўйича қилинган ишлар тўғрисида халқ депутатлари  туман Кенгашига маълумот тақдим этиб боришга масъул этиб белгиланди.

Мазкур қарор ижросини назорат қилиб бориш халқ депутатлари туман Кенгашининг  “Ижтимоий-маданий соҳани  ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари  ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари  масалалари бўйича” доимий комиссия  раиси  Ў.Боғибеков зиммасига юклатилди.

Қарор лойиҳаси Кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва амалиётга йўналтирилди.

                                                                                                              

 Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                         Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                         Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

                                                       

            

 

 

 

   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+