“Ўрис шапка” ёхуд миллатдан воз кечиб бўлмайди

27.03.2021 10:03:10

Болалигимдан мутолаага қизиқаман. Бу борада тенгдошларимга ўрнакман, деб айтолмайман. Аммо, қайсидир асар дидимга маъқул келса, қайт-қайта ўқишим рост.

Ҳали мактабга қатнамасдим. Дадам чиройли суратлари билан безатилган китоблар олиб берарди. Кейин саводим чиқди, ўзим мустақил мутолаа қиладиган бўлдим. Ҳар сафар телевизорда қатор-қатор китоблар терилган жавонларни кўрсам, ҳавас билан қарардим. Афсуски, мавжуд шароит шахсий кутубхонам бўлишига имкон бермаган. Юзга яқин китобларимни қутида сақлашга тўғри келарди. Юқори синфга ўтгач мактаб кутубхонаси “шахсий жавоним”га айланди...

Кейинчалик жаҳон адабиёти билан танишдим. Аста-секин шеър, ҳикоя, мақолалар қоралаб юрдим. Эндиликда китоб ва мутолаасиз бир куним ўтишини тасаввур қила олмайман.

Яқинда мутолаа қила бошлаганим – “Ёлғизоёқ йўл” тўпламига қисқача тўхталмоқчи эдим.

Очиғи, асарни тўлиқ якунлашга ҳали улгурганим йўқ. Аммо, тўпламга киритилган бир неча ҳикояларни ўзиёқ мени ўйга толдирди, мулоҳаза қилишимга туртки берди.

Замон шиддат билан ривожланяпти. Тўғри, бунинг натижасида, кўп жиҳатлар инсоният турмушининг осонлашишига хизмат қилаяпти. Шу билан биргаликда ўзлигимиздан узоқлашиб бораётгандекмиз. Яқинда ижтимоий тармоқлардаги бир қайд эътиборимни тортди. “Халқимизда миллат тушунчаси нотўғри шаклланган. Миллат мансубияти жуда муҳим бир нарсадай онгимизга сингдирилганлигини тан олишимиз керак. Аслида бу унчалик тўғри эмас. Миллийлик нисбий. Яъни, миллат сиёсий тушунча, у кўпчилик давлатларда фуқароликнинг синоними ҳисобланади. Бизда эса, миллат деганда этносни тушунишади. Бу нотўғри. Янглиш дунёқарашдан воз кечиш вақти келмадими?” деб ёзилганди унда...

Аслида миллат ўзлик дегани эмасми? Аслида “миллат арзимас тушунча” дегувчилар янглиш дунёқарашда эканлиги кундай равшан-ку. Эскилик сарқити, деб собиқ мафкура қанчадан-қанча бебаҳо қадриятларимизга таҳдид солмади дейсиз.  Бугунги мустақиллик замонида бундай фикрлаётганлар орамизда учраши катта хатар, менинг наздимда.

“Ёлғизоёқ йўл” таркибидаги “Ўрис шапка” ҳикояси ана шу бадиий муаммо устига қурилгани билан мени ўзига “михлаб” олди. Асарда муаллиф асрий қадриятларимизни йўқолиб бораётганини аччиқ таассуф билан қайд этади.

Ортиқча тафсилотга ўрин йўқ. Ўйлайманки, бу ҳикояни ҳар бир ўсмир ўқиши, мағзини чақиши керак. Салмоқли тўпламдан бир шингил ғоянигина тилга олдим. Асарни тўлиқ ўқисангиз, бундан ўн карра кўпроқ нарса топишингизга аминман.

Дарвоқе, муаллиф ҳақида. Китоб Жомбой туман ҳокими Қаюм Собиров қаламига мансуб.

Дилмурод МАХРАМОВ,

Жомбой туман кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+