Ўз ўзини танқид: Фаолиятимиз талаб даражасидами?

15.07.2022 14:07:15

Бугун республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда сиёсий партияларнинг иштироки талаб даражасидами? Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар қанчалик ижросини топмоқда? “Адолат” СДП Андижон вилоят Кенгаши фаолларининг навбатдаги йиғилиши олдига айни шу саволлар қўйилди. Унда вилоят Кенгаши аъзолари, ҳудудий Кенгашларнинг раислари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойида партия Сиёсий Кенгаши томонидан белгиланган устувор вазифалар ва партиянинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган Йўл харитасига мувофиқ иш олиб борилди. Ҳисобот даврида мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган 20 дан ортиқ партия лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилди.

андижон2_4

Жумладан, халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида “Ёшлар ва хотин-қизлар билан очиқ мулоқот” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари ва партия фаоллари томонидан маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди. 1398 нафардан зиёд фуқароларнинг муаммо ва камчиликлари  ҳамда, 36 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти атрофлича ўрганилди. Аҳоли томонидан қилинган 282 та мурожаатлар ишчи гуруҳ ва депутатлар томонидан ваколат доирасида ижобий хал этилди. Бу ўз ўзидан партиянинг танилувчанлигини ошириш баробарида жамоатчиликнинг қизиқишини оширди.

“Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизликни камайтириш мақсадида 80 нафар фуқаро доимий, 156 нафар фуқаро эса мавсумий иш билан таъминланди. Шундан 91 нафари ёшлар, 65 нафари аёлларни ташкил этади.

Сайловолди дастурида илгари сурилган вазифалар ижросига қаратилган тадбирлар жамоатчилик орасига кириб боришнинг асосий омилларидан бири. Шу сабаб масалага янгича ёндашилмоқда. Бу борада Жалақудуқ, Избоскан ва Улуғнор туманларида олиб борилаётган ишлар эътиборли. Бироқ Балиқчи, Булоқбоши, Марҳамат ва Пахтаобод туманларида “адолатчилар”нинг нафаси сезилмаяпти.

Партиянинг асосий қаноти бўлган маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини ҳам бирдек ижобий баҳолаш қийин. Хўжаобод, Балиқчи туманлари ва Хонобод шаҳарларидаги халқ вакиллари сайловчилар ишончини оқлаш тўғрисида бир ўйлаб кўриши лозим. Чунки мазкур ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш, сайловчилар билан ишлаш борасида депутатлар сусткашликка йўл қўймоқда.

Фаолиятимизнинг  асосий ойнаси  ОАВ. Бироқ бу ишончли қуролдан ҳам айрим ҳудудий Кенгашлар самарали фойдалана олмаяпти. Ҳисобот даврида   ОАВларда 1156 марта чиқишлар қилинди. Бироқ  бу етарли эмас. Бўстон, Марҳамат, Пахтаобод ва Улуғнор туманларининг етакчилари фаолиятида ё кўрсатишга арзирли иш йўқ, ё ОАВлар билан ишлашда тажриба етишмайди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда таъкидланганидек, бугун фаолиятимиз таҳлили олдимизда қатор вазифалар тургани, ютуқлар билан бирга камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Танқид келажак меваси, дейди. Шундай экан ўз ўзини танқиддан тўғри хулоса чиқарган ҳолда фаолиятни жонлантириш лозим

 

  “Адолат” СДП Андижон вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+