Ўз соғлигимизга бефарқ бўлмайлик

23.06.2021 18:06:46

Юртимизда коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларининг олдини олиш ва бартараф этиш, аҳолининг саломатлигини сақлаш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган эътибор самараси туфайли дунё мамлакатлари орасида юртимиз пандемия даврини қийинчиликларсиз ва ижтимоий-иқтисодий йўқотишларсиз ўтказмоқда.

Республикамизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида пандемиянинг эрта босқичларида кучайтирилган карантин чекловлари жорий этилди. Халқаро ҳамда маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари фаолияти тўхтатилди. Таълим муассасалари фаолияти масофавий тарзда олиб борилиб, ҳудудларда мослаштирилган карантин зоналари ташкил этилди. Хориждаги фуқароларимиз чартер рейслар билан мамлакатимизга олиб келинди ва карантин зоналарида карантинга олинди.

Жорий йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши кураш ишлари тизимли равишда давом эттирилиб, тиббий-илмий изланишлар олиб борилмоқда. Олимларнинг фикрига кўра, аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда пандемияни жиловлашнинг энг самарали усулидир. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилга мўлжалланган Давлат бюджетида аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирларига етарлича маблағ ажратилиб, ривожланган давлатларнинг йирик фармацевтика компаниялари ва илмий-тадқиқот марказлари томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакциналар олиб келинди ва аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари самарали ташкил этилмоқда.

Амма айрим фуқароларимиз хотиржамликка берилиб, коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишларига ва ўз саломатлигига бефарқлик билан қараб, карантин тартиб-қоидалари, яъни ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлашга риоя этишни сусайтирганликлари сабабли яна мамлакатимизда инфекциясининг тарқалиш суръати тезлашиб бормоқда.

Шундай экан, барчамиз ўзимиз ва оиламиз соғлигига бефарқ бўлмаган ҳолда тиббиёт ходимлари тавсияларини тўлиқ бажариб, белгиланган карантин талабларига қатъий риоя қилишимиз лозим. Зеро бу офатни енгиш учун барчамиз бир ёқадан бош чиқарган ҳолда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга таянч бўлишимиз лозим.

 

Жасур ҚАРШИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+