Ўзбекистон «Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши ҳамда Бухоро давлат педагогика институти ҳамкорлигида «Хотин қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраймиз» мавзусида тадбир ташкил этилди.

24.05.2024 10:05:01

Унда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова, партия вилоят, туман-шаҳар Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари, Бухоро давлат педагогика институтининг педагоглари, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Очиқ мулоқот шаклидаги мазкур тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари бўлган ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш ва намунали оилаларни шакллантиришда таълим муассасаларида хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбирда институт ректори Баҳодир Маъмуров сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш борасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин бўлмиш маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган тизим яратилганини ҳамда ушбу ёндашув амалиётда ўзининг ижобий натижасини бераётганлигини эътироф этди.

Жараёнда сўз олган партия фаоллари мамлакатимизни келгуси етти йилликда ривожлантиришга қаратилган «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида ҳам жамиятда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш борасида аниқ вазифалар белгиланганлиги хусусида сўз юритдилар.

Жумладан, аёл-қизларимизнинг иқтидори ва орзу-истакларини юзага чиқариш мақсадида кенг имкониятлар яратилаётганлиги эътироф этилди. Партия томонидан янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио китоби яратилиши ҳам нозик хилқат эгаларининг ўз ҳуқуқларини теран англашларига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Партия раҳбари институт кутубхонасига аудиокитоблар тўпламини тақдим этди.

Тадбир якунида партияга аъзо бўлиш истагини билдирган талаба-ёшларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

"Адолат" СДП
Матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+