Ўзбекистон-Эрон - ўзаро самарали ҳамкорлик алоқалари йўлида

16.09.2022 14:09:04

Шарқ гавҳари, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд бугун нуфузли анжуман Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги 22-саммитини юқори савияда, ўзгача шукуҳда ўтиши учун мезбонлик қилмоқда. Албатта, бу азим шаҳарда ушбу даврга қадар жуда катта бунёдкорлик, ободонлаштириш ва қурилиш ишлари амалга оширилди. Самарқанд кундан-кун чирой очиб қадимий ва ҳамиша навқирон эканлигини яна бир бор намоён этди.

Бугун шаҳримиз кўчалари бўйлаб сайр қилар экансиз бу гўзалликларни кўриб кўзингиз қувнайди. Дилингиз яйрайди. Албатта, бундай юқори нуфуздаги анжуманни Самарқанд шаҳрида ўтказилишининг ҳам ўзига хос жиҳатлари бор. Зеро Самарқанд дунё халқлари маданияти ва цивилизациялари туташган, миллий давлатчилигимиз ва умуман, жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўринга эга бўлган шаҳар ҳисобланади. Ушбу боқий шаҳар тарихимиздаги иккала Ренессанс даврининг юзага келиши ва ривожида муҳим роль ўйнаган. Шу боис, ер юзининг қариб 50 фоиз аҳолисини ташкил этадиган, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган анжуман -Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда.

Шаҳримизга олий мартабали меҳмонлар ташриф буюриб, улар билан самарали ҳамкорлик, дўстона мулоқотлар, музокаралар олиб борилмоқда. Биргина Эрон Ислом Республикаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги узоқ муддатли вазифалардан келиб чиққан ҳолда 18 та ҳужжат имзолагани учрашувнинг нақадар аҳамиятли эканлигини ифодалайди. Хусусан, ишбилармонлик ва илмий доиралар вакиллари ҳамда сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартиботларини соддалаштириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида тажриба алмашувлари, соғлиқни сақлаш, даволаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, таълим, фармацевтика ва тиббий ускуналар соҳасидаги ҳамкорлик, бандлик ва меҳнат муносабатлари масалалари ҳамда «Чобаҳор» порти орқали халқаро юк ташишлар ва транзитни амалга ошириш тўғрисидаги меморандумлар икки мамлакатни ҳам иқтисодий жиҳатдан юксалишига, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-логистика, ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларимизнинг янада ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу билан бир қаторда аҳолининг бандлигини таъминлашда, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эга.

Муҳиба Сайфиддинова,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+