Ўзбекистон — Қирғизистон: ўзаро ҳамкорлик динамикаси

18.07.2024 15:07:43

Маълумки, ён қўшнимиз Қирғизистон мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган 1993 йилдан бери ўзаро муносабатларни тартибга солувчи 250 дан зиёд ҳужжатлар қабул қилинган.

Энг асосий ҳужжатлар сифатида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома (1996 йил 24 декабрь), Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация (2017 йил 5 октябрь) ҳамда Ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларация (2023 йил 27 январь) санаб ўтиш мумкин.

Айниқса, 2016 йилдан икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг янги юксалиш даври бошланди, десак асло муболаға бўлмайди.

Бунга икки давлат етакчилари ўртасидаги тўғридан тўғри ва самарали мулоқотларнинг мисли кўрилмаган юқори даражаси ҳам яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

Икки томонлама муносабатларда ўтмишдаги бир хил қолипларни енгиш ва кўпдан буён йиғилиб қолган айрим муаммоларни тўлиқ бартараф этиш айнан Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли самарали ечим топди.

Шу сабабли бугунги кунга келиб икки давлат ўртасида ҳеч қандай сиёсий муаммолар қолмади.

Ўз навбатида, Президент С.Жапаров «Қирғизистон учун Ўзбекистон жуда яқин қўшни, содиқ дўст ва ишончли стратегик ҳамкордир», дея таъкидлади.

Ҳозирда ўзбек-қирғиз муносабатларида ижобий ўсиш динамикасини барча жабҳаларда кузатиш мумкин. Масалан, 2016 йилдан 2023 йилгача даврда ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми салкам 7 баробар ўсиб, 167,5 миллион доллардан қарийб 1 миллиард долларгача етди. Жорий йил бошидан буён эса бу рақам 21 фоизга ўсиб, салкам 400 миллион долларга етди.

Яқин истиқболда мамлакатлар ўзаро товар айланмаси миқдорини 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Ушбу маррага эришиш учун барча салоҳият ва имкониятлар мавжуд. Энг муҳими, ҳамкорликка бўлган интилиш ҳар икки томонда ҳам кучли намоён бўлмоқда.

Ҳозирда томонлар транспорт-коммуникациявий, энергетика, сув хўжалиги ва бошқа турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириб бормоқдалар. Икки мамлакат чегараолди вилоятлари ҳокимлари кенгаши ҳам ташкил қилинган бўлиб, шу пайтга қадар унинг 4 та йиғилиши бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда Қирғизистон капитали иштирокида 260 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Қўшни давлат ҳудудида Ўзбекистон резидентлари иштирокида 70 та корхона иш олиб бормоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам алоҳида ўринга эга. Ҳозирда қардош ва қондош ўзбек ва қирғиз халқларини бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қилувчи қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, ўтган 2023 йилда Ўш шаҳридаги Бобур номли Давлат академик ўзбек мусиқали драма театри Ўзбекистон томонидан тўлиқ реконструкция қилинди. Ўзбекистонда буюк ёзувчи Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган «Икки халқнинг суюкли ўғлони» китобининг тақдимоти ҳамда қўшма концерт дастури зўр кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, жорий йил апрель ойида Бухоро шаҳрида Халқаро турк маданияти ташкилоти – ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда ташкил этилган туркий тилли мамлакатлар ёш ижодкорлари анжуманида ҳамда Хива шаҳрида ташкил этилган «Лазги» халқаро рақс фестивалида Қирғизистон делегациялари ҳам фаол иштирок этди.

Икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлигида парламентлараро алоқалар ҳам муҳим ўрин тутади. Президентимизнинг 2017 йилда Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида Олий Мажлис ва Жоқоргу Кенеши ўртасида парламентлараро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланган эди. Ҳозирда парламентлараро алоқалар ушбу меморандум асосида изчил ва тизимли асосда ривожланиб бормоқда.

Парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиш мақсадида 2020 йилда Парламентлараро комиссия ташкил қилинди. Ҳозирда мазкур Комиссиянинг йиғилишлари доимий тус олган бўлиб, унинг тўртинчи мажлиси жорий йилнинг июнь ойида Чўлпонота шаҳрида ўтди.

Мамнуният билан шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бир қарашда анча чигал ва ечими йўқдек кўринган чегара масаласи томонларнинг қатъий хоҳиш-иродаси туфайли 2022 йилда алоҳида шартнома орқали узил-кесил ҳал қилинди. Ушбу шартнома Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши томонидан ратификация қилингандан сўнг 2023 йилда кучга кирди. Ўтган вақт ичида мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегараларининг умумий участкасини тўлиқ демаркация ва делимитация қилиш ишлари якунланди.

Бу эса, ўз навбатида, ўзаро борди-келдилар сонини кескин ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, аҳолининг бирламчи эҳтиёжларини қондириш учун чегара ҳудудларида ўсимлик ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш имкон бермоқда.

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон стратегик темир йўлини қуриш бўйича дастлабки аниқ қадамлар ташланди, Қамбарота ГEС-1ни ишга тушириш лойиҳалари бўйича эришилган давлатлараро аҳдлашувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Минтақавий ва халқаро тузилмалар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида мулоқотлар тобора чуқурлашиб бормоқда.

Шунингдек, минтақамиз давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари ва «Марказий Осиё плюс» форматларидаги саммитлар кун тартиблари янги таклиф ва ташаббуслар билан амалий бойимоқда.

Президент С.Жапаровнинг мамлакатимизга амалга оширадиган давлат ташрифи муносабатларимизда тарихий воқелик бўлиши шубҳасиз.

Бўлажак олий даражадаги учрашувлар, очиқ ва конструктив руҳдаги мулоқотлар яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш йўлида муштарак иродани намоён этади, ўзаро муносабатларни янги мазмун-моҳият билан тўлдиради.

Сув-энергетика, транспорт-коммуникация тармоқлари, савдо-сотиқ, тўқимачилик, автомобилсозлик, маданий-гуманитар йўналишлар бундан кейин ҳам ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналиши бўлиб қолишини ҳозирданоқ башорат қилиш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, биз – халқ вакиллари, ўзбек-қирғиз муносабатларининг динамик равишда изчил ривожланиб бораётганидан бениҳоят мамнунмиз.

Эндиги вазифа – барқарор ўсиш суръатларини муттасил ошириб бориш ва ўзбек-қирғиз халқларининг умумий фаровонлигини таъминлаш йўлида ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, охир-оқибат муносабатларимизни иттифоқчилик мақомига кўтаришдан иборат.

Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Халқаро ишлар ва парламентлараро
алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+