ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИНИНГ ТАРИХИЙ ИЛДИЗЛАРИ

06.12.2022 14:12:52

 

Давлатимизнинг асосий қонуни, халқимиз азалий орзу-умидининг ифодаси бўлган Конституциямиз қабул қилинганига 30 йил тўлди. Бу қисқа давр ичида мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси келажаги буюк давлатнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлади. У бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик ва тараққиёт принциплари мажмуини ифодалайдиган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини аниқ очиб берди. Конституция — давлатнинг халқ иродасини ифодаловчи, давлат тузилиши ва бошқарув шакли асосларини мустаҳкамловчи, ҳокимият идоралари фаолиятининг ташкил этилиш тартиби ва принципларини белгиловчи асосий қонунидир.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг ўзининг янги Конституциясида ижтимоий тараққиётнинг янги концепциясини белгилади; Конституциявий ҳуқуқни тартибга солиш, ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш манфаатларига мос қонун-қоидалар, омилларни белгилади; ўз халқининг фаолиятини ташкил қилиш негизларини, инсон манфаатлари биринчи даражага кўтарилганлигини мустаҳкамлади. Зеро, қонун устуворлиги ҳуқуқий давлатнинг асосий принципидир.

1992 йилги Конституциямизнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, у ўзида нафақат ҳуқуқий ва сиёсий фикрлашнинг олий ютуқларини, балки бой тарихий тажрибани ҳам мужассамлаштирди. Уни ишлаб чиқишда ўзбек халқининг чуқур ҳуқуқий-тарихий анъаналарига ҳам асосланилди. Ҳар қандай қонун, айниқса, конституциядек бош қонун, агар халқнинг тарихий қадриятлари, миллий урф-одатлари, асрлар давомида шаклланган эътиқодларини ўзида етарли даражада акс эттирмаса, унинг ҳаёти қисқа бўлади, у жамият учун хизмат қилмайди.

Конституциянинг тарихига назар соладиган бўлсак, у бўм-бўш жойда яқиндагина пайдо бўлиб қолган эмас, балки жаҳон цивилизациясининг тарихий ривожланиши жараёнида шаклланиб келган. Тарих шундан далолат берадики, инсоният ўзининг тараққиёт босқичларида доимо мулоқот қилиш, бирга яшаш қонун-қоидаларига муҳтож бўлган. Инсонлар бунинг учун зарур бўлган қонун-қоидаларни ишлаб чиқишга ҳаракат қилганлар.

Масалан, бундан 4000 йил аввал Месопотамия подшоҳи Хаммурапи яратган «Хаммурапи қонунлари» тўплами, милоддан аввалги IX–IV асрларда ёзилган зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто», Юнонистондаги «Салон демократияси» (милоддан аввалги VI аср) юқорида айтиб ўтилган қонун-қоидаларнинг энг машҳурларидир.

Инсоният тарихида ўтган буюк шахслар кўпинча турли хил қонун-қоидалар муаллифи бўлганлар. Ушбу ҳужжатлар кўпинча қоида, қонун мақомини олган. Масалан, Низомулмулкнинг «Сиёсатнома»си, Ярослав Мудрийнинг «Рус ҳақиқати», Чингизхоннинг «Ёсо»си ана шулар сирасидандир. Булар ичида энг машҳури – «Темур тузуклари». Улар давлат, уни бошқариш ва мустаҳкамлаш борасидаги тавсиялар ҳолида шакллантирилган қоидалардан иборат бўлган ўз даврининг конституциявий қўлланмаларидир.

Тузукларда давлат, уни идора этиш, қонунчилик ҳақидаги таълимот ўз аксини топган. Ушбу таълимот Амир Темур салтанати мавқеининг муттасил ошиб боришига салмоқли ҳисса қўшган. Темур давлати эришган улкан муваффақиятларнинг асосий сабабларидан бири ҳам унинг мамлакатда давлат ишларини ушбу тузуклар асосида олиб борганлигидир.

Қонуннинг устунлиги ҳуқуқий давлатнинг асосий принципидир. Бу принципнинг илдизларини Соҳибқирон Темурнинг «қаерда қонун ҳукмронлик қилса, ўша ерда адолат бўлади», деган қоидасида ҳам кўришимиз мумкин. Давлатчилик борасидаги тарихий тажриба, хусусан, Амир Темурнинг давлатчилик борасидаги теран фикрлари ва тажрибаси Конституциямизнинг тарихий илдизларидан бирини ташкил қилади. Республикамизда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.

Соҳибқироннинг жуда кўп фикрлари жамиятимизнинг Асосий қонуни – Конституция ғоялари билан ҳамоҳангдир. Масалан, у ўз «Тузуклари»да давлатни бошқаришда олий табақа вакиллари бўлган сайидлардан тортиб ҳунар аҳлигача бўлган жами 12 табақа кишиларига суяниб иш кўриш лозимлигини таъкидлаган. Асосий қонунимизнинг 7-моддасида бу фикр ривожлантирилиб: «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир», – деб мустаҳкамлаб қўйилган.

Амир Темур: «Бу тузуклардан (келажакда) салтанат ишларини бош­қа­ришда қўлланма сифатида фойдалангайлар», – деб ёзади. Демак, Амир Темурнинг «Тузуклар»ни ёзишдан асосий мақсади жамият ва давлат бошқарувида зарур ҳисобланган қонун-қоидалар мажмуини яратиш бўлган.

Агар Ўзбекистон Республикаси Конституцияга назар ташласак, унинг жуда кўп моддаларида тарихий қадриятлар ўз ўрнини топганлигининг шоҳиди бўламиз.

Масалан, Конституциянинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратилиши қайд қилинган бўлса, 18-моддада Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги мустаҳкамлаб қўйилган. Конституциянинг мазкур моддалари асосида чуқур маъно, ўзбек халқига хос бўлган байналмилалчилик руҳи ётади. Узоқ тарихимизга мурожаат қилсак, халқимиз азал-азалдан қозоқ, тожик, қирғиз, туркман ва бошқа миллат вакиллари билан қон-қардош, қуда-анда бўлиб ёнма-ён яшаб келганларига гувоҳ бўламиз.

Ўзбек халқининг диний бағрикенглиги нафақат узоқ ўтмишга (милоднинг бошлари), балки ислом дини халқимизнинг асосий эътиқодига айлангандан кейинги даврларга ҳам хосдир. Масалан, Амир Темурнинг хизматида мусулмонлар билан бир қаторда буддавийлар, нас­ронийлар ва бошқа дин вакиллари ҳам бўлган, лекин уларнинг биронтаси камситилмаган. Диний бағрикенглик доимо ўзбек халқининг тарихий қадрияти ҳисобланиб келган. Конституциянинг  31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсонга хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқининг берилганлиги ҳам Конституциянинг халқимизнинг тарихий анъаналари, қадриятларига асосланганлигидан далолатдир.

Ўзбекистон собиқ Иттифоқ таркибида бўлган даврларда ҳам бир қанча консти­туциялар қабул қилиниб, уларга ўзгартишлар киритилган. Лекин ушбу конституциялар синфий мазмунга эга бўлиб, уларда аҳоли баъзи қат­ламларининг фуқаролик эрки чекланган, баъзи мод­далари эса номигагина амал қилган. Мазкур конституциялар ўзбек халқининг тарихий илдизларига суянмаган, балки Марказнинг манфаатларини кўзлаган эди.

Мустақилликка эришилгач, ўзбек халқи ўзлигини англади, тарихий илдизларини ўргана бошлади ва уларга асосланиб ўз Қомусини яратди. Хулоса қилиб айтганда, мустақил Ўзбекистонимизнинг Конституцияси чуқур тарихий илдизларига эга. Унинг тарихини ўрганиш учун дастлабки қадамлар қўйилди. Лекин келажакда адолатли ҳуқуқий демократик давлат ва буюк фуқаролик жамиятини қуриш учун Асосий қонунимиз – Конституциямизни янада чуқур, ҳар томонлама мукаммал ўрганишимиз керак.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети доценти,

тарих фанлари номзоди,

Нодира Расулова

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+