Ўзбекистон -Туркия муносабатлари янги босқичда

12.06.2024 16:06:39

Ўзбекистон -Туркия муносабатлари янги босқичда

Мамлакатимизда сўнгги йилларда кузатилаётган ўзгариш ва жараёнлар, янгича ёндашув ва дадил қадамлар ташқи сиёсатимизда ҳам янги саҳифа очилишига замин яратмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 6 июнь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифини Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика,

маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида ўта муҳим тарихий воқеа сифатида баҳолаш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Туркия Республикаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим, алоҳида ўринга эга бўлган, ўзига хос мамлакат ҳисобланади. Буни қуйидаги бир қатор омиллар билан изоҳлаш мумкин. Биринчидин, ушбу мамлакат дунёдаги 200 дан ортиқ мамлакатлар ичида Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва шу тариқа унинг дунё харитасида янги давлат сифатида эътироф этилиши жараёнини бошлаб берган мамлакат бўлса, иккинчидан, ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки халқ ҳам туркий тилда сўзлашувчи биродар халқлар бўлиб, уларнинг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Қолаверса, Туркиянинг ривожланган саноати, ривожланган транспорт коммуникацияси, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади, албатта. Икки кучли лидернинг ўз давлати тинчлиги ва равнақи йўлидаги мардлиги, қатъийлиги, стратегик масалалардаги ҳамкорлиги бугунги кундаги жаҳон сиёсий майдонидаги қалтис вазиятлар, давлатлараро ишончсизлик муносабатлари кескинлашуви жараёнида янада сезилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг Туркияга расмий ташрифи дастурида икки мамлакатнинг етакчи корхоналари ва компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар, кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни, аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилиш ўрин олди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда бир қатор етакчи турк компаниялари томонидан 100 дан ортиқ лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани диққатга сазовор. Шуни алоҳида қайд этишимиз жоизки, бугунги кунда Жиззах вилоятида ҳам бир қатор турк компаниялари томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан самарали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатилган. Вилоятнинг умумий ташқи савдосидаги 5 фоизга яқин улуши айнан Туркия давлатига тўғри келиши ҳам амалга оширилаётган

савдо-иқтисодий муносабатларнинг яққол исботидир. Жумладан, Жиззах шаҳридаги йирик лойиҳалардан бири «Uz Turk Charm» тайёр чарм ишлаб чиқариш масъулияти чекланган жамияти 4 гектар майдонда фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда корхонада 100 га яқин янги иш ўринлари яратилишига эришилди. Шунингдек, мазкур объектнинг лойиҳа қиймати

12,8 млн долларни ташкил этиб, йиллик экспорт ҳажмини 4,1 млн долларга етказиш кўзда тутилган. Бу борадаги савдо-иқтисодий муносабатларига мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.

Ташрифнинг олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон – Туркия ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида катта ҳажмдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий шартнома ва битимлар имзоланиши мамлакатимизда ушбу соҳаларнинг янада тараққий этишига хизмат қилиши шубҳасиз. Бу эса мамлакатимизнинг

ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ҳудудларнинг инвестициявий салоҳияти ортишида, шу билан биргаликда янги иш ўринларининг яратилиши ҳисобига аҳоли фаровонлиги ошишида муҳим роль ўйнайди.

Жасурбек ҚАРШИЕВ,
«Адолат» СДП
Жиззах вилоят  
Кенгаши
раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+