Ўзимизни асрасак, ўзгаларни ҳам асраймиз

20.03.2021 10:03:56

Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги тури қисқа муддатда дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқалди. Ўзбекистон ҳам бундан холи эмас. 30 январь куни Дубайдан келган юртдошимиз (10 ёш) коронавируснинг ушбу штаммини мамлакатга олиб кирган илк бемор бўлди. Бунинг ортидан халқимиз орасида яна карантин бўладими, бу «британча штамм» ҳақиқатан ҳам юқувчан ва аввалгисидан хавфлироқми қабилидаги ўринли саволлар пайдо бўлди.

Шу ўринда ушбу штамм ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Коронавируснинг британча штамми билан касалланганда бош оғриғи, мушаклардаги оғриқ, тез бошланган ва авжига чиққан йўтал, баъзан кўнгил айниши каби клиник белгилар кузатилади.

Британча штаммнинг коронавирус аввалги шаклларидан фарқи унда ҳид ва таъм билиш йўқолишининг нисбатан камроқ кузатилишидадир. Бошқа кўрсаткичлар бир-бирига ўхшаш. Бу штамм бошқаларига нисбатан тезроқ тарқаляпти ва болаларга кўпроқ юқяпти. Лекин бундан тушкунликка тушиш керак эмас. Касаллик асосан енгил ва симптомларсиз ўтади.

Кейинги кунларда республикамизда, айниқса, Тошкент шаҳрида коронавирус яна бош кўтараётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Хусусан, янги касалланиш ҳолатларининг катта қисми пойтахтимизга тўғри келмоқда.

2021 йилнинг март ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрининг 10 туманидаги 77 та умумтаълим мактабида жами 150 нафар ўқувчига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тан олиш керак, кейинги пайтларда марказ жойларда жарима тўламаслик учунгина ниқоб тақиб, ўзимиз ва атрофдагилар соғлигига мутлақо бефарқ бўлиб қолгандик. Жамоат траспортлари, бозор ва бошқа шу каби одам гавжум жойларда ҳам антисептик воситалари, ҳимоя ниқобларидан фойдаланмаяпмиз ҳисоби.

Жорий йилнинг 15 март куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқ­хўжаев бошчилигида махсус комиссия йиғилиши ўтказилди. Шу кундан бошлаб пойтахтда карантин талабларига риоя қилиниши қатъий назоратга олина бошланди. Республика бўйича ҳам бу каби тадбирлар ўтказиш ва тарғибот ишларини кўпайтириб, назоратни кучайтириш йўлга қўйилди.

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тасарруфидаги 2 та муассасада 616 ўрин жойлари, 4 та саралаш ва тақсимлаш марказлари (1008 ўрин Учтепа туманидаги «АТЛАС» саралаш марказида, 1588 ўрин ЭКСПОЦЕНТР 1-2-3-4 павильонларида, 505 ўрин «Ёшлик» спорт мажмуасида) базасида жами 3101 ўринли саралаш ва тақсимлаш марказлари ташкил этилган. Реанимация ўринлари сони 303 тани ташкил этади.

Мамлакатимизга “COVAC” механизми доирасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши “AstraZeneca” вакцинасининг 660 минг дозадан иборат дастлабки партияси етиб келди. Буюк Британиянинг шу номли фирмаси муаллифлигида яратилган мазкур эмлаш воситасини Ўзбекистонга беғараз ёрдам тарзида олиб келишда ЮНИСЕФ бош етказиб берувчи ҳисобланади. Ушбу тузилма бугунги кунда дунёнинг жами 100 га яқин давлатига вакцина етказиб бермоқда. Вакцинация жараёнида, аввало, тиббиёт ходимлари эътиборга олинади, чунки улар бевосита коронавирусга учраган беморлар билан яқин муносабатда бўлишади. Сўнгра навбат ёши 70 дан ошган фуқароларга берилади. Йил охиригача 20 фоиз юртдошимиз эмланиши кўзда тутилмоқда.

ЮНИСЕФ томонидан Ўзбекистонда вакцинани сақлашга мўлжалланган совуқлик тизими билан таъминлаш бўйича ҳам тизимли иш олиб борилмоқда. Ҳозиргача 17 та совуқлик омбори ишга туширилди. Йил сўнгигача яна 4 та тизимни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Эмлаш жараёнида ножўя таъсир билан боғлиқ муайян ҳолатлар юз бериши табиий ҳол. Ҳозиргача “AstraZeneca” вакцинаси билан эмланган жами 14 миллион одамдан атиги 17 кишида ножўя таъсир кузатилди. Бу ҳолатларнинг ҳам айнан эмлаш жараёни билан боғлиқ эканлиги мутлақ тасдиқланмаган. Бу борада Европа Иттифоқи масъул тузилмаларининг хулосаси яқин кунлар ичида эълон қилинади.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини вакцинация қилиш учун барча зарур тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, 3168 та вакцинация пунктлари ташкил қилинди. Бундан ташқари 800 дан ортиқ мобил бригада тузилди. Аҳоли мавжуд хавф эҳтимолига кўра муайян гуруҳларга бўлиб чиқилган.

Вакцинация ишларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳар Соғлиқни cақлаш бош бошқармаси қошида малакали мутахассислардан иборат штаб ташкил қилинди. Тошкент шаҳрида эмлашдан кейинги ножўя реакциялар қайд этилганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун шаҳар тасарруфидаги 4 та шифохона реанимация бўлимларида захира бемор ўринлари ажратилди; СOVID-19га қарши эмланиши лозим бўлган контингентларнинг элек­трон рўйхати туманларда шакллантирилди. Тошкент шаҳрида аҳолини коронавирусга эмлаш бўйича 210 та эмлаш пункти, 191 та эмлаш бригадалари, 121 та ҳаракатдаги бригадалар ташкил этилди, зарур бўлганда, 1059 нафар тиббиёт ходимлари жалб этилади. 

Йиғилишда Тошкент шаҳар аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйи­ча эпидемик вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида қатор таклифлар илгари сурилди. Аҳоли гавжум йиғилиш жойларида – бозорлар, гипермаркетлар, катта савдо мажмуа­лари, ташкилот ва муассасаларда эпидемияга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтириш, пирометр ва антисептиклардан тўлиқ фойдаланиш, ходимлар ниқобда иш фаолиятини олиб боришга мажбурлиги, Тошкент шаҳар умумий транспорт корхоналари раҳбарларига дезинфекция тадбирларини тўлиқ ўтказиш; Тошкент шаҳар умумтаълим мактабларида касаллик кўпайишининг олдини олиш мақсадида онлайн ўқитишга ўтиш шулар жумласидандир. Қуйи­даги тавсияларга риоя этиш ҳам мақсадга мувофиқдир: ортиқча зарурият бўлмаса, хорижий давлатларга чиқишдан тийилиш; доим ниқобда юриш; жамоат жойларига боришдан тийилиш; ижтимоий масофани сақлаш; қўлларни совунлаб ювиш; антисептик воситалардан фойдаланиш; витаминларга бой маҳсулотлардан тайёрланган овқат истеъмол қилиш; доимий жисмоний фаоллик билан шуғулланиш. Шамоллаш аломатлари пайдо бўлса, оилавий шифокорга мурожаат қилиш, ўз вақтида шифокор назоратидан ўтиш ва самарали даволаниш.

Бу билан ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам хатардан ҳимоя қилган бўламиз.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+