Парламент аъзоси билан учрашувлар

30.03.2021 11:03:27

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказмоқдалар. Парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов ҳам Наманган шаҳридаги  сайловчилари ҳузурида бўлди.  Хусусан, Давлатобод туманидаги “Порлоқ” маҳалла фуқаролари йиғини аҳолиси билан мулоқот қизғин ва самимий руҳда ўтди.

Депутат парламент шу кунларда олиб бораётган ишлар, тайёрланаётган қонун лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди. Сайловчилар ҳам ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги қатор масалалар бўйича ўз фикрларини билдирдилар. МФЙ раиси Гулчеҳра Нишонова 2021 йилда мазкур ҳудудда  “Обод маҳалла” дастури бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида гапириб берди. Ушбу мавзуда уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарлари билан ўтказилган суҳбатда айрим муаммолар борлиги изҳор этилди. Жумладан, “Порлоқ”да кўп қаватли уйларни иситиш учун 2 та қозонхона қурилиши режалаштирилган. Лекин ҳозирги пайтга келиб аксарият хонадонларда иссиқ сув таъминотини йўлга  қўйиш учун шароит йўқ. Чунки улардаги қувур ва батареялар узиб ташланган. Энди уларни ўрнатиш муаммога айланмоқда. Депутат бу масалани атрофлича ўрганиб, вазиятни ўнглаш юзасидан таклиф беришга ваъда қилди.

Шу куни парламент аъзоси Наманган давлат университетида ташкил этилган сиёсий ўқувда қатнашаётган “Адолат” СДП фаоллари ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари билан ҳам учрашди. Ўзаро мулоқотда партиявий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда депутатлар фаолиятини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилинди. Д.Исмоилов бу борада парламентда қўлланилаётган иш услублари ҳақида сўзлаб берди. Депутатларнинг билим ва кўникмаларини янада бойитиш, уларнинг  маҳаллий партия кенгашлар, фаоллар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

- Парламент аъзоси билан суҳбат менда катта таассурот қолдирди, - дейди халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгаши депутати Эркинжон Бориев. - Айниқса, депутатлар мақомини таъминлашнинг айрим масалалари ҳақида зарур маълумотларга эга бўлдик. Биз улардан кенгашдаги депутатлик гуруҳи фаолиятини кучайтиришда кенг фойдаланамиз. Бу, сайловчиларнинг манфаатларига хизмат қилади, албатта.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+