Партиядошларимиз сессияга масала киритдилар

20.05.2021 18:05:24

Халқ депутатлари Поп туман кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи шу йил бошида тузилган эди. Сафдошларимиз қисқа муддат ичида фаолиятни тўлақонли йўлга қўйишга эришдилар. Улар куни кеча ўтказилган туман кенгаши сессияси кун тартибига масала киритдилар. Депутатлар эътиборига умумтаълим мактабларидаги тиббий хизматнинг аҳволини ўрганиш натижалари ҳавола этилди. Бу хақда “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Мафтуна Маматова аҳборот берди.

- Биз бу масалани фаолларимиз иштирокида “Ёшлар саломатлиги – партия эътиборида” лойиҳаси доирасида яқинда ўрганиб чиққандик, - дейди у - Шу жараёнда болалар ўртасида яссиоёқлилик, сколиоз, стоматологик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича қилинаётган ишлар таҳлил этилди. Умумлаштирилган маълумотлар асосида туман бўйича ҳолат баён этилди. Ижобий натижаларни қайд этган ҳолда мавжуд нуқсон ва камчиликларга атрофлича тўхталдик. Уларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Жумладан, тумандаги ўндан ортиқ мактабда тиббиёт хонаси ва ходими ишлаб турибди. Аммо ҳамма ерда ҳам ҳодат шундай эмас. Масалан. 57-мактабда тиббиёт ходими  штати мавжуд, лекин у фаолият олиб борадиган  хона йўқ. Ўқувчиларнинг тиббий билимлари ва санитария-гигиена қоидаларидан хабардорлик даражаси қониқарли. Шу билан бирга  мактаблардаги тиббиёт  хоналарида асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар етарли  эмаслиги аниқланди. Туман тиббиёт бирлашмаси муассасаларида  болалар стоматологлари етишмайди. Бу борада белгиланган меъёрларга қатъий риоя қилиш талаб этилади.

Сессия қабул қилган қарорда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Айниқса, тиббиёт муассасалари ва умумтаълим мактаблари раҳбарларининг тиббий хизмат даражасини ошириш учун масъул эканлиги таъкидланди. Тегишли доимий комиссияга бу борадаги ишлар юзасидан мунтазам мониторинг олиб бориш вазифаси юкланди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+