Партия фаоллари иштирокида 23 нафар ёшлар ишли бўлди. Бош мақсад - ёшларнинг бандлигини таъминлаш

12.12.2022 11:12:05

Юртимизда ҳар бир фуқаронинг ўзи хоҳлаган соҳада меҳнат қилиши, мустақил касб танлаши, ўзи хоҳлаган соҳа бўйича эркин шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган, имкониятлар ҳам етарли. Хусусан, ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида юрган йигит-қизларга иссиқхона қуриш, маиший хизмат шохобчалари очиш, деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик ва бизнеснинг бошқа турлари билан машғул бўлиши учун уларга имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратилмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Ғузор тумани Кенгаши томонидан партиянинг «Бир ойда – бир иш ўрни» лойиҳаси доирасида ҳудуддаги ёшлар агентлиги тадбиргоҳида «Бош мақсад - ёшларнинг бандлигини таъминлаш» мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари вакиллари қатнашди.

- Бугун янги Ўзбекистонда ёш йигит қизларга муносабат бутунлай ўзгарганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз,-деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов.- Муҳтарам Президентимиз ҳам ҳар гал истиқболимиз эгалари билан учрашганларида ва вилоятларга ташрифлари чоғида ёшлар муаммолари ҳамда уларни бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратяптилар. Аниқ маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, ҳозиргача партия ташкилотларимиз саъй-ҳаракати билан 270 нафардан зиёд ёшлар бандлиги таъминланди. Бу борада депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иш олиб бораётганимиз яхши самара беряпти.

- Туманимиздаги, ҳар бир маҳаллада ўрганишлар олиб бордик,- дейди тадбирда халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгаши депутати Камолиддин Камолов.- Эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – «темир дафтар» тизими жорий этилиб, қисқа муддатда бу тизим орқали кўплаб ёшларимизнинг бандлиги таъминланди. Масалан куни кеча биз «Эшонқудуқ» МФЙ аҳолиси билан юзма-юз мулоқот уюштирдик. Маълум бўлдики, 23 нафар ёшлар ишсиз эканлиги аниқланди. Биз уларнинг уч нафарига банкдан кредит олиб ўз бизнесини йўлга қўйиб олишига кўмаклашдик. 20 нафар ёшларни эса мавсумий ишларга жалб этдик. Бундан маҳалла аҳли, айниқса ота-оналар мамнун бўлишди.

Тадбирда иштирок этган ёшлар иш, ўқиш, субсидия олиш, янги оила қурган йигит-қизлар эса уй – жойга эга бўлиш истаклари борлиги юзасидан мутасаддиларга мурожаат қилдилар. Иштирокчиларнинг барча саволларига мутасаддилар томонидан тегишлича жавоблар қайтарилди.

Баҳром Мустафоев,

«Адолат» СДП Ғузор тумани Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+