Партия Сиёсий Кенгаши раиси томонидан Беруний туманидаги ахоли муаммолари ўрганилди

18.03.2021 14:03:00

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Нукус шаҳридаги ижтимоий объектларни ўрганишлардан сўнг, Беруний тумандаги 59-сонли умумтаълим мактабига ва «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди.

Тумандаги 59-сонли умумтаълим мактабидаги шароитлар билан танишар экан, ютуқлар билан бирга муаммоларнинг ҳам борлиги маълум бўлди. Айниқса мактабда синфларнинг етишмаслиги сабабли, бир синфда 35 ўқувчи таълим олаётганлиги, физика ва кимё лаборатория хоналари техник жиҳозлар билан таъминланмаганлиги кузатилди. Мавжуд ускуналар ҳам яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги аниқланди. Бу ўрганишлар натижаси эртанги “Янги Ўзбекистон - мактаб остонасидан, таълим- тарбия  тизимидан бошланади” деган эзгу ғояга хизмат қилишига ишонамиз. Келажак - ёшлар қўлида. Зеро, бугун ёш навниҳол ўғил-қизларимизга берилаётган ҳар бир  имконият, кичкина эътибор ҳам уларни юксак марраларни забт этишларига, ҳатто жаҳон миқёсида ўз сўзи ва овозини баралла айтишига омил бўлади.

Кейинги йилларда маҳалла институтига қаратилган эътибор сабаб аҳолининг ушбу тизимга бўлган ишончи ортиб бормоқда. Дарҳақиқат, фуқаролар йиғинлари фаоллари жойлардаги ҳар қандай муаммога ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, оилалар тинчлигини сақлаш, обод ва тинч маҳаллалар сафини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишларнинг ўзиёқ кўплаб муаммоларнинг олдини олишга замин яратмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, партия Сиёсий Кенгаши раиси ташрифи давомида тумандаги «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинидаги шароитлар билан ҳам танишди ва маҳалладаги “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини тинглади. Муаммолари сўралганида маҳалладаги Қўнғирот, Ҳаёт кўчаларини енгил таъмирлаш, Фергана, Спутник, Нақшбандий кўчаларини тунги ёритқиш чироқлари билан таъминлашда амалий ёрдам беришларини сўради.

Бугунги кунда «Бўстон» МФЙдаги аҳоли сони 6244 нафар, хонадонлар сони 1127та ва ундаги оилалар сони эса 1460 та. Ушбу маҳалламиз аҳолисининг аҳволини янада яхшилаш бўйича Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб берилган вазифаларни маҳалламизда бирдек татбиқ этишга бел боғладик дейди - «Бўстон» МФЙ раиси.

Бу каби “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали олиб борилаётган  очиқ мулоқот ва тадбирлар доирасида аниқланган муаммолар чуқур таҳлил этилиб, уларнинг ҳал этилиши назоратга олинмоқда.

Бундан ташқари, партия Сиёсий Кенгаши раиси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятлари гимнастикачилари ўртасида гимнастика буйича Беруний тумани ҳокими кубоги учун ўтказилган мусобақанинг тақдирлаш маросимида ҳам қатнашиб, иштирок эткан гимнастикачи қизларни табриклади ва эсдалик совғаларини топширди.   

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+