Партиядошимиз медиа департементига директор бўлди

26.04.2021 13:04:01

Наманган вилоят ҳокимининг 2021 йил 23 апрелдаги фармойиши билан  вилоят ҳокимлиги ҳузурида Наманган вилояти салоҳиятини тарғиб этиш Медиа департаменти ташкил  этилди.  Номидан кўриниб  турганидек,   ушбу ташкилот зиммасига катта вазифалар юкланган. Унинг таркибида Media school, ахборот агентлиги, ижтимоий тармоқ каналлари,  телерадиоканал ва бошқа оммавий ахборот воситалари бўлади. Мазкур платформалар орқали тезкор видео, фото ва матнли ахборот, таҳлилий маълумотлар тақдим этиш, жараёнлардан мунтазам жонли эфирлар, онлайн суҳбатлар уюштириш, брифинг ва матбуот анжуманлари, пресс-тур ва  инфо-турлар ўтказиш йўлга қўйилади.

Медиа департаменти директори этиб эса Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси, партиямиз фаоли Анвар Икромов тайинланди. У бир муддат вилоят  Кенгашида  матбуот котиби бўлиб ҳам ишлаган. Сафдошимиз 1983 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 2006 йили Наманган муҳандислик педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги -  иқтисодчи-менеджер.

У оммавий ахборот воситаларида, Ёшлар иттифоқи тизимида, Қишлоқ хўжалик  вазирлигида турли лавозимларда  фаолият  кўрсатган. 2020 йилдан буён Наманган вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари - туризм инфратузилмасини ривожлантиришни мувофиқлаштириш, инвестиция ва минтақавий дастурларнинг бажарилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётганди.

Анвар Икромовни яхши билганлар уни уддабурон ташкилотчи,  изланувчмн ижодкор, топқир  журналист  сифатида таърифлайдилар. У нафақат  газета, балки  телевидение, радио, интернет, матбаа ва нашриёт ишини ҳам пухта ўзлаштирган. Боз устига  ҳар бир соҳа бўйича билимларини мунтазам  ошириб боради. Бу хусусиятлар унга келгусида жуда қўл келиши турган   гап.

– Медиа департаментининг фаолияти кенг тармоқли, - дейди Анвар Икромов. - Олдимизга қўйилган вазифаларни уддалаш учун  малакали ва билимли мутахассислар зарур бўлади. Шунинг учун ҳозир ижодий жамоани шакллантиришга   киришдик. Ҳар бир кадрга нисбатан юксак талаблар қўйилади. Муассасамиз учун шаҳар марказидаги биноларнинг биридан жой ажратилди. Энг замонавий техника воситалари ва жиҳозларни харид қилишга буюртма бердик.  

Партиядошимизга янги вазифада каттадан-катта муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+