Партиядошимиз – туман маданият бўлими раҳбари

24.07.2021 16:07:48

Кейинги йилларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилотида кадрлар билан ишлашни такомиллаштириш юзасидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Нафақат ходимлар, балки фаоллар орасида ҳам билимли, тажрибали, истеъдодли инсонлар сафи кенгайиб бормоқда. Бу эса ҳокимиятлар, бошқа нуфузли ташкилотлар кадрлар заҳирасини шакллантиришда ҳам қўл келмоқда. Яқин орада рўй берган бир қатор ўзгаришлар бунга мисол бўла олади.

Масалан, Зиёджон Маҳкамов икки йилдан кўпроқ вақт мобайнида вилоят партия кенгашида ижрочи котиб бўлиб ишлади. Ўзининг изланувчанлиги, ишга ижодий муносабати, меҳнатсеварлиги билан обрў қозонди. Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи фаолиятини йўлга қўйишга ҳам муносиб ҳисса қўшди. Шунинг учун бўлса керак, бултур Наманган шаҳри таркибида Давлатобод тумани ташкил этилганда, у ташкилий- назорат гуруҳига ишга таклиф қилинди. Ҳозир  бу ерда етакчи мутахассис сифатида фаолият олиб бормоқда.

Ёки Ойлархон Охуновани олайлик. У аввал Наманган шаҳар партия кенгаши раиси, кейинчалик эса вилоят кенгашида мутахассис бўлди. Ҳар икки вазифада ўзининг билими ва салоҳиятини кўрсата олди. Бунда қўш олий маълумот эгаси эканлиги, яъни муҳандис ва ҳуқуқшунослиги ҳам катта роль ўйнади. Норин туман Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими раҳбарлиги лавозимига танлов эълон қилинганда, у ҳам ўз ҳужжатларини тақдим этди. Синовлардан муваффақиятли ўтгач, ФҲДЁ мудири сифатида иш бошлади.

Куни кеча эса яна бир партиядошимиз ҳаётида қувончли воқеа рўй берди. Биз Наманган шаҳар маданият бўлими мудирининг ўринбосари Аҳмаджон Дадахоновни назарда тутмоқдамиз. У “Адолат” СДПдан Наманган тумани халқ депутатлари кенгаши депутатлигига ҳам сайланган. Аввал ёшлар ташкилотида, ҳокимият тизимида ишлаган. Маданият соҳасини ҳам пухта эгаллаган. Шунинг учун бўлса керак, Янги Наманган тумани маданият бўлими мудири вазифасига тайинланди.

– Албатта, янги лавозимда иш бошлаш ҳар бир киши учун катта шараф, - дейди у. – Айни пайтда зиммамга катта масъулият юкланганини ҳам ҳис этиб турибман. Чунки янги туманда иш ташкил этишнинг ўзига хос мураккабликлари бор. Биринчи навбатда малакалаи кадрлардан иборат аҳил жамоани шакллантириш керак. Қолаверса, соҳанинг моддий-техник негизини яратиш зарур. Бунинг учун бутун куч-ғайратимни сарфлашим кераклигини тушуниб турибман.

Биз янги вазифаларда иш бошлаган партиядошларимизга муваффақиятлар тилаймиз ва мазкур анъана яна давом этади, деб ўйлаймиз.

                                                                           Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+