Партиямизнинг номи шунчаки жозибадор эмас, балки унинг ғояси, кучи айнан шунда!

17.08.2021 10:08:07

 

Адолат жамият учун энг муҳим тушунчалардан биридир. Инсоният тарихига назар ташланса, ҳар бир жараёнлар адолат ва адолатсизлик ўртасидаги кураш билан акс этган. Чунки инсон туғилибдики, адолатга интилади. Буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳам “Куч адолатдадир” деган тушунчани бежизга шиор қилиб олмаган. Шу жиҳатдан, адолат тушунчаси қон-қонимизга синган ва жамиятнинг таянчи, тараққиётининг омили дейиш мумкин.

Бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган 5 та партия  ичида  “Адолат” СДП  томонида туриб сиёсий жараёнда иштирок этаётганим ўзига хос масъулият юклайди. Партиямизнинг номи шунчаки жозибадор эмас, балки унинг ғояси, кучи айнан шунда! Чунки адолат бугун қоғозда эмас, ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топиши зарур.

Айни кунда мамлакатимизда рўй бераётган муҳим сиёсий жараёнга “Адолат” социал-демократик партияси ҳам кўтаринки руҳ билан тайёргарлик кўрмоқда. “Aдолат” СДПнинг сайловдаги ўрни қандай, мазкур сайловда партия илгари сурадиган дастурдан нималар ўрин олган айнан шу масалалар бугунги кунда партия фаоллари ва маҳаллий кенгашлар олдида турган муҳим мавзуга айланди. Ушбу мавзулар барча йиғилишларимизда очиқ ва шаффоф ҳолда ўртага ташланиб, фикрлар хилма-хиллиги тингланмоқда. Керакли чора-тадбирлар белгилаб олиниб, режа асосида фаолият олиб борилмоқда.

“Адолат” СДП Сиёсий  Кенгашининг 5 август куни ўтказилган Пленумида 2021 йилги Президентлик сайловларига партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимовни бўлажак номзод сифатида партия Қурултойида кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.

Бўлажак номзодимиз - олим одам. Айни кунда айрим ОАВларда бўлажак номзод шу давргача сиёсий жараёнларда фаол бўлмаганлиги ва кўпчиликка таниш эмаслиги ҳақида ёзишмоқда. Тўғри, партиямиздан кўрсатилган бўлажак номзод сиёсий майдонга чиққанига ҳали кўп бўлмади, у кишини танийдиганлар ҳам кўп бўлмаслиги мумкиндир. Аммо айтиш мумкинки, Баҳром Абдуҳалимов шу қисқа муддатда “Адолат” СДП нинг ҳақиқий етакчиси сифатида ўзини намоён қила олди. Айниқса, ОАВни кузатсангиз, қалами ва тили ўткир журналистларнинг илмоқли саволларига бераётган жавобларидан маълум бўлмоқдаки, зиёли, камтар, аммо ўзининг шахсий фикрларига эга бўлган шахс сифатида партия бўлажак номзодини танлашда адашмади. 

Сайловнинг энг муҳим ва қайноқ жараёнлари ҳали олдинда. Ҳаммамиз яхши билиб турибмиз, бу йилги сайловлар бошқача бўлади. Чунки амалдаги Президентимиз ташаббуси ва ҳатти-ҳаракати билан Ўзбекистонга демократиянинг барча элементлари олиб кирилди. 5 та партиянинг ўз ўрни ва салоҳияти бор. Шу билан бирга ўзига яраша ғоялари ва қарашлари мавжуд. Бизнинг асосий электоратимиз бу зиёлилар! Зиёлилар эса доимо ғоя берувчи, уни амалга ошириш учун интилувчи инсонлар ҳисобланишади.  Бизнинг партиямиз сайловда муносиб ва  муваффақиятли иштирок этишга ишонамиз.  

Гулнора АҲМЕДОВА,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+