Партиямизнинг ёниқ юракли фахрийси 75 баҳорни қаршилади

20.03.2024 17:03:47

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгаши томонидан ҳаётга татбиқ этиб келинаётган “Эъзоз ва эътибор” лойиҳаси доирасида партиянинг дастурий мақсадлари ижросини таъминлаш, уни обрў-эътиборини юксалтириш борасида фаоллик билан меҳнат қилиб келаётган партиямиз аъзоларига эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг ибратли фаолияти оммавий ахборот воситалари, интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали ҳамюртларимиз эътиборига ҳавола қилиб келинмоқда.
Партиямиз фахрийси - Моможон Норметова ана шундай намунали фаолияти билан келажак авлодга ўрнак бўлиб келаётган замондошларимиз сирасига киради.


Моможон Норметова, 1997 йилдан буён партиянинг фаол аъзоси, 1999 йилдан 2016 йилгача партиянинг Урганч туман Кенгаши раиси, 2014-2016 йилларда туман Кенгаши депутати, ҳозирги кунда эса партиянинг фаол фахрийси сифатида барчамизга ўрнак бўлиб келмоқда.
Партия фаолиятини ривожлантириш анча қийин бўлган бошланғич даврларда М. Норметованинг партияга бўлган меҳри тобора ортиб борди ва олдига катта мақсадларни қўйган қаҳрамонимиз қийинчиликларни назар-писанд қилмай, партиямиз сафини фаол аъзолар ҳисобига ошириш, тадбирлар самарадорлигини кучайтириш, сайловолди дастурни халқимиз орасида тарғибот қилиш ва барча турдаги сайловлар жараёнида изчил фаолият олиб борган.


Моможон Норметова, партия фахрийси:
– Чорак асрдан кўп умримни партиям равнақига бағишлаганимдан афсусланмайман. Чунки, партиямга бўлган меҳрим бўлакча. Партия янги ташкил топган пайтларидаги қийинчиликлар, машаққатли меҳнатларим маҳсули натижаси ўлароқ, ҳозирги кундаги обрў-эътибори юксалиб бораётганида кўриб қувонаман. Сафдошларимни тез-тез йўқлаб келишидан куч оламан. Яқинда 75 баҳорни қаршилаган бўлсам-да, ўзимни партиям ва аҳил жамоамдан айро ҳис қила олмайман. Партиямнинг ривожи учун бор кучимни, тажрибамни аямайман.
Дарҳақиқат, устозимиз 75 баҳорни қаршилаган бўлса ҳам, унинг юрагидаги шижоатни кўриб, ҳавасингиз келади. У ҳозирги кунда “Матбуот тарқатувчи” МЧЖ Урганч туман филиали раҳбари вазифасида ишламоқда.


Вилоят Кенгаши ходимлари Наврўз ва баҳор айёми муносабати билан партиянинг фахрийсига эҳтиром кўрсатиш мақсадида уни йўқлаб ишхонасига боришди. Дилдан қурилган суҳбат партиянинг тарихи билан боғлиқ жараёнларга, келгуси режа ва мақсадларга уланиб кетди. Фахрий Устозлар ёдга олинди, уларнинг ибратли умр йўллари эътироф этилди.
Бир сўз билан айтганда, лойиҳамиз мақсадини амалга оширар эканмиз, опанинг юзида ишчанлик, шукроналик кайфияти янада жўш урганини ҳис этдик, шундай фидойи фахрийларимиз билан бир сафда туриб фаолият олиб бормоқлик бахт эканига яна бир бора амин бўлдик.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+